Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани нафақат юртимизда, балки кўплаб хорижий давлатларда ҳам ўзининг узумлари ва узумчилик мактаби билан яхши танилиб улгурган. Мамлакатимизда узумчиликни ривожлантиришда ушбу туман намуна сифатида олингани ҳам бежиз эмас. Вилоятдаги 7 минг 834 гектар узум боғларидан 1 минг 498 гектари айнан Олтиариқ туманида жойлашган. 2021 йилда вилоятда кутилаётган 153 минг 880 тонна узум ҳосилининг 43 минг 784 тонна қисми ҳам Олтиариқ туманида етиштирилиши режалаштирилган.
Олтиариқ узумларига хорижий давлатлар талаб катталигини инобатга олиб, унинг эртапишар турлари пишиб етилиши билан хорижга ҳам экспорти бошлаб юборилди.
Бу борада Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамда Олтиариқ тумани йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирилиши ва экспорт қилинишини инобатга олиб “Водий” ҳамда “Марғилон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари таркибида “Экспортга кўмаклашиш марказлари” ташкил этилган. Ушбу экспортга кўмаклашиш марказлари томонидан дастлабки жорий йилда қиймати 232 минг АҚШ долларлик 220 тонна узум Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия каби давлатларга экспорт қилинди.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йилда қиймати 30,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 28 минг 100 тонна узум экспорт божхона режимига расмийлаштирилган.
Узум асосан Россия, БАА, Украина, Белорусия, Германия, Мўғулистон, Польша, Литва, шунингдек қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонга экспорт қилинган.
М. Сулаймонов, ЎзА