Фарғонада уй-жой қурилиши – қизғин суръатда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида сўнгги йилларда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида сўз борганда, албатта, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига тизимли ёндашилаётганини алоҳида айтиб ўтмоқ жоиз.
Натижада ҳудудда аҳолининг турмуш даражаси ва сифати ошиб бормоқда. Шаҳар-туманларда қад ростлаётган янги уй-жой массивларининг меъморий ечимлари, замонавий қулайликлар жаҳон андозаларига мос.
Таҳлилларга кўра, Фарғона вилоят аҳолиси ҳар йили ўрта ҳисобда 90 минг нафарга кўпайиб бормоқда. Бу қўшимча 4 минг хонадонли уй-жой, 40 та мактаб, 100 та боғча, 20 та шифохона ҳамда 50 мингта иш ўрнига эҳтиёж борлигидан далолат беради.
[gallery-24569]
Демак, мазкур жараёнда янги уй-жойлар қурилиши муҳим аҳамият касб этади. Хайрли ташаббуслар туфайли ўтган қисқа даврда вилоят марказида Фарғонанинг ўзига хос янги тимсолига айланган Экошаҳар — “Янги Ўзбекистон” массиви қуриб битказилди.
Экошаҳар лойиҳаси мамлакатимизда ўхшаши йўқ — ноёб ва мукаммал ёндашув асосида қурилгани билан ажралиб туради. Янги шаҳарча эндиликда вилоятнинг ўзига хос туризм маскани сирасига киритилиб, байрамлар, турли тантана ва фестиваллар, концерт дастурлари ўтказиладиган марказга айланди. Ноёб манзарали дарахтлар, яшил хиёбонлар, аттракционлар мароқли ҳордиқ чиқариш имконини бермоқда.
Айни пайтда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида Ёзёвон ва Фарғона туманида “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши поёнига етаётган бўлса, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида янги тураржойлар барпо этиш жараёни қизғин суръатда давом этмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА