Замон тезлашиб, ахборот технологиялари тобора ривожланиб бориб, барчамизни шошириб қўяётгани сир эмас. Айниқса, банк хизматлари соҳаси рақамлашиб, одамларга қулайликлар яратмоқда. Шу аснода бу каби имкониятлардан қинғирлик йўлларида фойдаланаётган одамлар ҳам йўқ эмас.
Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани судида кўриб чиқилган жиноят иши бунга яққол мисол. Иш ҳолатига кўра, Ёзёвон туманида яшаб келган ёш йигит Р.У. 2020 йил 19 декабрь куни соат 21:30 ларда таниши Р.О. билан ўзаро суҳбат чоғида "Туронбанк" АТБ нинг "My Тuron" мобил иловаси орқали Humo пластик картасидан 9 минг 950 сўм пулларни Uzсard пластик картаси ҳисоб-рақамига ўтказганида, ўтказма амалга ошиб, пуллар қабул қилинганлигини, бироқ ўтказилган 9 минг 950 сўм пуллар Humo пластик картаси ҳисоб-рақамидан камаймаганлигини айтган.
Шунингдек, исталган суммадан 50 рақамини айириб ташлаб, келиб чиққан суммани Humo пластик картадан Uzсard пластик картасига ўтказганида ҳам шу каби ҳолат содир бўлганлигини маълум қилган. Р.У. ушбу ҳолатни текшириш мақсадида яшаш хонадонида "Туронбанк" АТБ Фарғона филиалидан олинган Uzсard ҳамда Humo пластик картасини ўзининг телефонига "смс" хабарнома хизматини ёқиб, фойдаланувида бўлган "Red Mi-7" русумли телефон аппаратига ўрнатилган "My Тuron" мобил иловасига ушбу ҳар иккала пластик карталарни бириктирган.
Фойдаланиш жараёнида у картадан бунисига пул ўтказганда камаймаганлигини у ҳам билади. Ушбу пуллар "My Тuron" мобил иловасидаги техник хатолик сабабли "Туронбанк" АТБнинг ҳисоб-рақамидан ечиб олинаётганлигини англаб, ушбу ҳолатларни банк масъул ходимлари сезмаётганликларига ишонч ҳосил қилган. Шундан сўнг Р.У. ва Р.О. "Туронбанк" АТБнинг ҳисоб-рақамидаги пул маблағларини ўмаришни режа қилишган. Иловада мавжуд бўлган хатоликлар ҳақида банк масъулларини огоҳлантирмасдан “My Тuron” мобил иловасида техник хатолик келтириб чиқараётган суммаларни ўйлаб топиш ва ушбу хатоликни келтириб чиқарадиган суммаларда жуда кўп маротаба банк амалиётларини амалга оширишлари натижасида "Туронбанк" АТБ ҳисоб-рақамидан пулларни ўзларида мавжуд бўлган Uzсard пластик карталари ҳисоб-рақамига кўчириш орқали яширин равишда талон-торож қилишган.
Дастлаб Р.У. ва Р.О. юқоридаги усулдан фойдаланиб, 121 миллион 171 минг 750 сўмни, орадан бир неча кун ўтгач Р.У. ўртоғи Ж.А. билан 220 миллион сўмни, сўнг Р.У. ўртоғи И.Қ. билан 29 миллион сўмни, сўнг Р.О. таниши С.С. билан 10 миллион 518 минг 850 сўмни, сўнг И.Қ. ўртоғи М.Қ. билан 310 миллион сўмни ҳамда Р.О. билан 8 миллион сўм пул маблағларини ўзлаштиришган. Умумий ҳисобда ушбу етти нафар шахслар қисқа вақт давомида 698 миллион 689 минг сўм банкнинг пулларини яширин равишда талон-торож қилиб, ўғирлик қилган. Тезкорлик билан олиб борилган ҳаракатлар натижасида банкнинг пулларини тўлиқ қайтарилишига эришилган, судланувчилар ҳолат аниқланиши билан барча пулларни ўз ихтиёрлари билан топширган.
– Суднинг ҳукми билан судланувчиларнинг 5 нафари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3 ва 4-қисмлари билан 3 йил 6 ойдан 5 йил 6 ойгача муддатга озодликдан маҳрум қилинди, – дейди Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Аброрхон Акрамов. –Икки нафар шахсларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Ачинарлиси судланувчиларнинг 6 нафари ёш йигитлар эканлиги ва улар жиноятни жуда калтабинлик билан содир этганликларида. Банкнинг тегишли ҳисоб-рақамларидан пул маблағлари яширин равишда олинганида биров билмайди деб ишониб қолишганида. Агар ўз вақтида уларни ҳаракатлари тўхтатиб қолинмаганида қанча маблағ ўғирланиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам суд томонидан қонун устуворлиги таъминланиб, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний жазо тайинланди.
М. Сулаймонов, ЎзА