Қувасой шаҳри "Пакана" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси филиалида "FERGANA TULPOR MACHINERY” масъулияти чекланган жамияти томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасининг қурилиш ишлари бошланди.
Шу муносабат билан ўтган тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, тадбиркорлар, хитойлик инвесторлар иштирок этди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ўз сўзида бир неча ой олдин Хитойга ташриф давомида мазкур компания раҳбарияти билан музокаралар олиб борилгани, аниқ режалар қилиниб, бугун олдинга қўйилган катта мақсадни амалга ошириш бошланаётганини қайд этди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар жуда юқори даражада ривожланмоқда. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона, самимий муносабатлари бу борада муҳим асос бўлиб, хитойлик инвесторлар учун Ўзбекистонда катта шароит ва имкониятлар берилмоқда.

Қувасой шаҳрида бошланган навбатдаги лойиҳа ҳам ишончли ҳамкорлик натижаси сифатида эътироф этилди. Етти гектар майдонда бошланган лойиҳа қиймати биринчи босқичда 30 миллион долларни ташкил қилади. Кейинги босқичларда янада кенгайиб, уч йилда 300 миллионга етказилади.
Мазкур корхона қошида кейинчалик эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи қўшимча корхоналар барпо қилинади.

– Бу ерда йирик машинасозлик мажмуаси барпо этилади.Корхонани ташкил қилиш учун анча вақтдан буён тайёргарлик қилинди. Хитойлик инвесторларимиз билан биргаликда бунга “Тулпор” деган ном бердик. Бу номда алоҳида дизайнга эга қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилади. Агротехник тадбирларни ҳам амалга оширувчи тракторлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Боғ ораларида ишловчи кичик тракторлардан тортиб 400 от кучига эга бўлган тракторларгача ишлаб чиқаришни режа қилганмиз. Бу техникалар нафақат Ўзбекистон бозорида қолаверса, Марказий Осиё, МДҲ давлатлари, қўшни давлатлар бозорларида ҳам ўз ўрнига эга бўлади, яхши брендга айланади деган умиддамиз, – деди вилоят ҳокими.



Тадбирда хитойлик инвесторлар ҳам сўз олиб, яратилаётган қулайликлар, имкониятлар ва кўмак учун миннатдорлик билдирдилар.
Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилади. Тамал тоши қўйилиб, тантанали тарзда корхона пойдевори қурилишига киришилди. Шу ерда янги корхонада ишлаб чиқариш режалаштирилаётган тракторларнинг илк намуналари билан танишилди.
М.Сулаймонов,
ЎзА