Фарғонада тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Давлатимиз раҳбарининг 3 декабрдаги “Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида юқори малакага эга олий маълумотли кадрларни тайёрлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бунинг учун етарли салоҳият ва халқаро тажриба бор.
Дастлаб 3 та йўналиш бўйича тиббиёт ходимлари тайёрлаган олийгоҳнинг таълим йўналишлари бугунги кунга келиб янада кенгайди. Ҳозирда “Халқ табобати”, “Даволаш иши”, “Биотиббиёт муҳандислик иши”, шунингдек, қўшма дастур асосида “Даволаш иши”, “Фармация”, “Педиатрия”, “Стоматология” йўналишлари бўйича малакали мутахассислар ўқитилмоқда. Ушбу масъулиятли жараёнга 40 нафардан зиёд илмий даражали, жами 150 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар жалб этилган. 2 минг 400 нафарга яқин талабалар 19 та назарий, амалий ва клиник кафедраларда таҳсил олишади. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали, шаҳар болалар 2-касалхонаси, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси унинг клиник базалари ҳисобланади.
Ҳозирги кунда олийгоҳнинг 15 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик шартномалари имзолагани унинг катта халқаро тажриба тўплай олганини англатади.
Россия Федерациясининг Курск, Кубан давлат тиббиёт университетлари билан академик мобиллик, илмий ва методик алмашинув, қўшма ўқув дастурлари бўйича ҳамкорлик ришталари ўрнатилган. Ҳозирда Курск давлат тиббиёт университетининг ўзи Европа, Африка, Осиё, Америка мамлакатларидан келган 3 мингдан ортиқ талабалар қамровига эга.
Айни пайтда Кубан давлат тиббиёт университетидан профессор А. Сухинин, доцент Е. Быстрова, Курск давлат тиббиёт университетидан профессор П. Калуцкий, доцентлар А. Овод, Ю. Иобидзе, И. Пав-лов номидаги Санкт-Петербург давлат тиббиёт университетидан профессорлар А.Ягмуров, А.Попов, Тожикистон давлат тиббиёт университетидан профессорлар А.Саидов, Ғ.Тошбоев, Ўш давлат университетидан доцент Ф. Муйдинов, Ҳиндистоннинг Артемис клиникасидан профессор Аҳмад Манзур Мир, Шифа Тамери Миллат университетидан профессорлар Рифат Надим Аҳмад, Марям Ҳабиб, Аиша Рафи сингари 30 нафардан зиёд олимлар маъруза ва амалий дарслар, шунингдек, мастер-класс машғулотларини олиб боришмоқда. Хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида 16 нафар профессор-ўқитувчилар Россия Федерацияси, Озарбайжон, Белоруссия давлатларидаги олий таълим муассасаларида малака ошириб қайтишди.
-Ҳозирда халқаро факультетда Россия Федерацияси, Покистон Ислом Республикаси, Қирғизистон, Тожикистон Республикаларидан 33 нафар хорижлик ёшлар таҳсил олишаётгани фахрланарли, албатта, -дейди Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ректори вазифасини бажарувчи Ғофуржон Султонов.-Институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, талабалар учун шароитлар яратиш бўйича ишларни бошладик. Хорижликлар билан ҳамкорликда клиника ташкил этишни режалаштирганмиз. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти рейтингининг “World directory of medical schools” халқаро тиббиёт олийгоҳлари рўйхатига киритилган, олий таълимнинг истиқболли марралари сари интилаётган институтнинг бугунги бўй-бастига боқиб, унинг бағрида давлат ва халқ кутган жамоат саломатлиги фидойилари камолга етишига ишончимиз ортади.
М. Сулаймонов, ЎзА