Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, бу ерда даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналарини Президент номидан Рамазон байрами билан қутлаб, совғалар топширди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали ҳамда Қўқон филиалига 1,3 миллиард сўмлик ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ), кислород концентраторлари, кардиомониторлар, СИПАП портатив нафас олдириш ускуналари, реанимация махсус ётоқлари, музлаткичлар, болалар ётоқлари келтириб, ўрнатилди. Яқин кунларда яна 3,5 миллиард сўмлик жиҳозлар етказиб берилади. Бу шифохоналарда даволанаётган беморларга ҳам Президент номидан байрам совғалари топширилди.


Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалига Чехиянинг UJP PRAHA компаниясидан Terabalt маркали ионлаштирувчи радионуклид жиҳози олиб келиб, ўрнатилди.
Аҳолига хизмат кўрсатишни бошлаш учун Чехиядан радиологларнинг келиб, жиҳоз билан ишлаш борасида жойида ўқув ташкил этиб беришлари кутилаётган эди. Яқин кунларда мутахассислар ташрифи ташкил этилади ҳамда ушбу хизмат ҳам йўлга қўйилади.
М. Сулаймонов, ЎзА