Фарғонада тезкор қидирув тадбирлари ўтказилди
Фарғона шаҳрида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликни жиловлаш, унинг олдини олиш ва барҳам бериш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида махсус профилактик ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилмоқда.
Вилоят ИИБ ҳамда ДХХ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган ана шундай тадбирларда 35 нафар уюшган жиноий тузилмаларга алоқадор шахснинг яшаш ва бошқа манзилларида тезкор қидирув тадбирлари ўтказилиб, уларнинг 19 нафаридан 3,81 грамм гашиш, 10 дона пичоқ, 3 дона ханжар, 2 дона ниқоб, 1 дона кастет каби ноқонуний буюм ва ашёлар олинди.
Тадбирлар давомида 15 та жиноят ва 24 та маъмурий ҳуқуқбузарликка барҳам берилди.
Шунингдек, 320 нафар алоҳида тоифадаги шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. 397 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди. Жумладан, майда безорилик 59 та, совуқ қурол сақлаш 12 та, ичкиликбозлик 72 та, фарзанди назоратсизлиги 18 та ва бошқалар.
78 нафар шахс эса маъмурий қамоққа олинди. 103 нафар шахс профилактик ҳисобга қўйилди. Профилактик тадбирлар доирасида 159 нафар жиноят содир этишга мойил шахс аниқланиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири