Фарғонада соғломлаштириш масканлари кўпаймоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизнинг табиати ўзига хос, хушҳаво манзилларидан саналган Фарғона вилоятида санаторий ва шифо масканлари бисёр. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-май ойларида 2 минг нафарга яқин чет эл фуқароcи даволаниш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрган. Сайёҳлардан 72 фоизи Қирғизистон Республикаси фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.
[gallery-13004]
Фарғона тумани Чимён қишлоғида жойлашган санаторий-курорт масканлари, оромгоҳлар минтақамизда машҳур. Тумандаги яна бир қишлоқ - аввалдан фаолият олиб бораётган «Еттибулоқ шифо» соғломлаштириш маскани эса шифобахш булоқлари билан тилга тушган. Ҳудудда айни пайтда 24 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, қўшимча туристик хизмат турлари фаолияти йўлга қўйилган. Жумладан, овқатланиш, соғломлаштириш, транспорт, аттракционлар, экскурсия хизматлари ташкил этилган.
Фарғона тумани Водил қишлоғида “Фахрийлар”, “Легион” ва “Сейман Баҳор” каби соғломлаштириш марказлари фаолияти йўлга қўйилгани ҳудудга келаётган меҳмонлар сони ортишига сабаб бўлаётир. Бу ерда яна 25 та оилавий меҳмон уйи ва 2 та хостел ҳам сайёҳлар хизматида.
Сайёҳларни жалб этадиган яна бир маскан — бу Учкўприк туманидаги Лаванда сайлидир. Бу ерда лаванда гули ва ифоридан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, папайя, банан, годжи, киви, зайтунзорлардан иборат саломатлик боғи бўйлаб экосаёҳат, мутахассислар кўриги ташкил этилган. Айни пайтда бу боғда 25 гектар майдонда мушмула, қаҳва, киви каби цитрус мевалардан тортиб резавор ўсимликлар, турли доривор гиёҳлар етиштирилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА