Фарғонада сайёҳлар мақом тинглаб, рақсга тушди (+видео)
Фарғона давлат университетида "Туризм – миллатлараро ҳамжиҳатлик ва миллий маданият таянчи" шиори остида мақом танлови ва концерт дастури бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 июнь куни ўтказилган ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида мазкур йўналишда аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, юртимизга келаётган сайёҳларнинг миллий маданият ва санъатимизга қизиқиши кучли. Анъанавий фестиваллар ташкил этилиши бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Туризм манзилларида мақом, миллий маданиятимизни тарғиб этиш орқали сайёҳларнинг қамровини кенгайтириш, дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш мумкин.
Фарғона давлат университетида ташкил этилган мақом танлови ва концерт дастури барчани ўзига чорлади. Танловда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги олий таълим муассасалари мақомчилари, миллий чолғу ансамбллари, таниқли хонандалар, ҳаваскор ижрочилар иштирок этди.
Ўзгача миллий руҳ улашган ушбу мақом концертини вилоятга келган меҳмонлар, хусусан, АҚШ, Германия, Италия, Ҳиндистон, Покистон давлатларидан ташриф буюрган сайёҳлар катта қизиқиш билан тинглаб, ўзбекона куй ва рақсларга жўр бўлдилар.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/MC-FjFzVKAk" title="Farg‘onada sayyohlar maqom tinglab, raqsga tushdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Танловда Фарғона давлат университетининг санъатшунослик факультети талабалари Ғиёс Мавлонов, Азизбек Азимов, Азимжон Ҳожимаматов, Мубина Жўраева ҳамда Ҳаёт Миркомилов ғолиб бўлди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири