Фарғонада “санъаткорлар хиёбони” ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамаси фармойишига кўра, Фарғона вилояти ҳоикмлиги ва Маданият ва туризм вазирлигининг Марғилон шаҳар ҳокимлигига қарашли “Ижодкор боғи” ҳудудида Фарғонадан етишиб чиққан халқ меҳрини қозонган устоз санъаткорларнинг бюстлари ўрнатилган “Санъаткорлар хиёбони” ташкил этилади.
Фарғона вилояти ҳокимлиги, тегишли вазирлик ва идораларга:
2023 йил 1 мартга қадар хиёбонни ташкил этиш бўйича Марғилон шаҳар ҳокимлигига қарашли “Ижодкорлар боғи” ҳудудидан 0,20 гектар бўш ер майдонини белгиланган тартибда ажратиш;
хиёбоннинг яхлит меъморий комплекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
хиёбонни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш вазифалари юклатилган.
“Санъткорлар хиёбони”дан Ўзбекистон халқ артистлари – Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Муҳиддин қори Ёқубов, Лутфихоним Саримсоқова, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Тамара Петросян – Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева каби устоз санъаткорларнинг бюстлари ўрин олади.
Ўзбекистон Бадиий академияси 2023 йил 1 апрелга қадар бюстларнинг ижодий ва техник параметрларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни 2023 йил 20 декабрга қадар сифатли яратиш ишларини амалга оширади.
ЎзА