Фарғонада қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилади
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров БРИКС халқаро консорциуми президенти Елена Галибина ҳамда «Пандора» компанияси вакили Дмитрий Примакни қабул қилди.
Мулоқотда Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳияти, инвестициявий имкониятлари, халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Вилоят раҳбари меҳмонларга Фарғонанинг саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, туризм ва тадбиркорлик соҳаларидаги имкониятлари ҳақида маълумот берди. Ҳудудда хорижий сармояларни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилаётгани таъкидланди.
Мулоқотда халқаро молиявий ва иқтисодий ҳамкорлик институтлари билан алоқаларни ривожлантириш, ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Меҳмонлар Фарғона вилоятининг мавжуд салоҳияти ва ҳамкорлик учун яратилган имкониятларга қизиқиш билдирдилар. Томонлар келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар.
Мазкур учрашув Фарғона вилоятининг халқаро иқтисодий алоқаларини кенгайтириш, хорижий ҳамкорлар билан янги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг яна бир ифодаси бўлди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА