Фарғонада қалбаки дорилар аниқланди
Кўзи мўлтиллаб тўшакда ётган жигаринг учун шифокор ёзиб берган дорини қандай неча сўм туришидан қатъий назар, ҳатто қарзга бўлса-да топиб келасан. Чунки бу билан бемор шифо топади, деб ишонасан. Аммо аҳволи ўзгармай, яна сенга нажот кўзларини тикканида нима қилишни билмай шифокорга югурасан ёки... Аллоҳнинг иродаси эканда (худо кўрсатмасин), дейсан. Аслида ўша дори сохта бўлса-чи? Пул учун виждоннигина эмас, халқини сотган қаллобни учратиб қолсангиз, нима дер эдингиз, нима қилардингиз?
ДХХ ва бошқа ҳуқуқ- тартибот идоралари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида Қўқон шаҳри ва Бағдод туманида умумий қиймати 1 млрд. сўмдан ортиқ 136 186 дона қалбаки дори воситаси аниқланиб, қўлга олинди, деган хабар Фарғона аҳлини ташвишга солди.
Хусусан, Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаронинг автомашинасида 29 турдаги 12 569 дона, унинг уйидан 1 889 дона ва Бағдод туманида жойлашган ва қалбаки дори воситаларини сотиб келган дорихонада 27 757 дона дори воситаси аниқланди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қалбаки дори воситалари Қўқон шаҳридаги МЧЖ омборхонасидан олиб келинган. Олинган маълумот асосида тадбир давом эттирилиб, омборхонадан жами 833 млн сўмлик 819 турдаги 93 971 дона дори воситаси борлиги аниқланди ва тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 186-3-моддаси 3-қисми а-банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноятчи муносиб жазосини олар. Аммо қалбаки доридан азоб чекканлар бадалини ким тўлайди?
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА