Фарғонада навбатдаги тадбиркорлар қабули бўлиб ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар уйи”да вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазбек Ўринбоев тадбиркорлар билан учрашди.
Тадбиркорларнинг ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишга кўмаклашиш, муаммо ва мурожаатларига қонуний ечим топиш мақсадида ташкил этилган қабулда 60 нафарга яқин ишбилармон ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги фуқаролар ўз масалалари бўйича мурожаат қилди. Қабулда ҳар бир тадбиркор билан бирга ўша ҳудудга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари ҳам қатнашди.
Қабулда тадбиркорлик фаолиятининг турли йўналишларида мавжуд муаммоларнинг ечими ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги масалаларда мурожаатлар келиб тушди.
[gallery-8561]
Ҳар бир мурожаат, таклиф ва ташаббус диққат билан эшитилиб, мавжуд тўсиқ ва муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича тегишли соҳа мутасаддиларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Қабул олдидан шунингдек, фуқаролар томонидан келиб тушган мурожаатлар ва ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан субсидия маблағлари ҳисобига сотиб олинган тикув машиналари, мотокультиваторларни ҳамда енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун сертификатларни ўз эгаларига топшириш маросими ҳам ўтказилди.
Хусусан, Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Бешариқ, Данғара, Риштон, Сўх, Тошлоқ, Учкўприк, Фурқат ва Қува туманларидан келган ишсиз, кам таъминланган, дафтарларга киритилган юртдошларимизнинг бандлигини таъминлаш, даромад олишида кўмак бериш мақсадида уларнинг 42 нафарига тикув машиналари, 5 нафарига мотокультиватор ҳамда 30 нафарига енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун махсус сертификатлар топширилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА