Фарғонада навбатдаги давлат гранти ғолиблари аниқланди
Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган иккита давлат грантининг ғолиблари аниқланди.
Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили ” Давлат дастурини ижро этиш, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жамоатчилик назорати, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар, ижтимоий шериклик асосидаги аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этишга қаратилган ижтимоий лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Маҳаллий бюджетдан халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондини сақлаш харажатларига ҳамда уларнинг асосий фаолият йўналишларини амалга ошириши учун 1,1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар йўналтириляпти.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда ННТлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” ва “Маънан етук ва юксак маърифатли ёш авлодни тарбиялашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзуларида давлат гранти олиш учун танлов эълон қилинди.
Жорий йилнинг 16 июлидан 16 августга қадар давом этган танловга жамоат фондига вилоят бўйича 28 та лойиҳа топширилди. Лойиҳалар халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, вилоятдан 10 та лойиҳа ғолиб деб топилди
М. Сулаймонов, ЎзА