Фарғонада Миллий гвардиянинг чавандозлар мактаби очилди
Президентимизнинг 2021 йил 5 августдаги “Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мактабнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
Тадбирда янги муассаса вилоят ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди. Фарғона тумани "Илғор" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ушбу мактаб от спорти (учкураш, тўсиқлардан сакраш ва от йўрттириш), замонавий бешкураш, поло ҳамда улоқ-кўпкарига ихтисослаштирилган.


Чавандозлар мактабида ташкил этилган Иппотерапия марказида Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Фарғона минтақавий филиалининг 54 нафар тарбияланувчиларини тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тизимли чора-тадбирлар ҳам йўлга қўйилди.
Шунингдек, Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси билан пробация ҳисобида турувчи ёшлар учун от спорти маҳорат дарслари ташкил этилган бўлиб, бу орқали уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда ижтимоийлашувлари жараёнини кучайтириш, уларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсад қилинган.
М. Сулаймонов, ЎзА