Фарғонада меҳмонхоналар сони биттага кўпайди
Конститутиция байрами арафасида Фарғона шаҳридаги “Дўстлик” маҳалласида “Fergana hotel” меҳмонхонаcи фойдаланишга топширилди. 5 қаватли 50 ўринли мажмуада барча қулайликлар яратилган.
Бугун хизматлар ва сервис соҳасига эҳтиёж ортиб бормоқда. Шу боис, бу соҳа мўмай даромад манбаи саналади. Мамлакатимизда ҳам бу борада катта имкониятлар мавжуд бўлиб, бундан унумли ва мақсадли фойдаланиш эса халқимиз турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Хусусан, Фарғона вилоятида замонавий хизматларни йўлга қўйиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Туризмнинг ривожида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда вилоятда 45 та меҳмонхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, бу йўналишда пандемияга шароитига қарамасдан истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган даврда 10 та янги меҳмонхона қурилиб, иш бошлагани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Мазкур янги меҳмонхона ҳам ана шулардан биридир.
[gallery-317]
Тадбиркор Шерзоджон Ботиров томонидан 4 миллиард 200 миллион сўмлик маблағ эвазига мазкур мажмуа бунёд этилди. Миллий кўриниш акс эттирилган меҳмонхонада ресторан, фитнес клуб, конференция зали, ёзги дам олиш маскани фаолият кўрсатмоқда. Бу каби қулай шарт-шароитлар меҳмонлар ва хорижий сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатиш имкониятини беради. Меҳмонхонада 21 та янги иш ўрни яратилди.
М.СУЛАЙМОНОВ, М. Қодиров (сурат), ЎзА