Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 7 та иш бўйича 8 нафар шахс оқланган. 173 нафар шахс суд залидан озод қилинган. 51 нафар шахс суд залидан қамоққа олинган. 2120 нафар шахсга нисбатан 1 минг 763 та жиноят иши мазмунан кўриб тамомланган ҳамда 1 минг 78 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган.
Бу ҳақида вилоят судлари томонидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Илгари кўпчилик суд идорасини панжаралар билан ўралган, алоҳида қобиқдаги идора сифатида биларди. У ерга бориб, судьялар билан гаплашишга ҳар ким ҳам жазм этолмасди. Бугун эса вазият бутунлай ўзгарди, одамларнинг одил судловга бўлган ишончи мустаҳкамланди. Суд-адолат қўрғони сифатида намоён бўлиб, халқ билан мулоқотга киришди.
– Очиғи, суд тизимининг шиддат билан демократик тарзда янгиланиши Ўзбекистондаги суд ҳокимияти ривожланишининг том маънода янги даврини бошлаб берди, – дейди Фарғона вилоят суди раиси Шуҳрат Камолов.
– Охирги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу эса адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллашини, бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина эканлигидан далолат беради. Жорий йилдан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашуви сақланиб, суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатлари ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситалари иштирокида бўлиб ўтган брифингда вилоят суди, шунингдек, маъмурий, иқтисодий суди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан 2021 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берилди.
Одил судловни амалга ошириш борасидаги ислоҳотлар бугунги кунда суд тизимини бутунлай янги босқичга кўтармоқда. Судларда e-xsud миллий электрон тизими жорий қилинган бўлиб, фуқаролар бевосита электрон тизим орқали мурожаат қилиш тартиби жорий қилинган. Фуқаролик ишлари бўйича судларда ер майдонларини ноқонуний эгаликдан қайтариб олиш ҳақидаги, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарздорликни ундириш, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш, етказилган зарарни ундириш кабилар камайган бўлсада, кредит ундириш, оила ва меҳнат низолари билан боғлиқ ишлар кўпайган.
[gallery-1992]
Фарғона вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судларида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 312 та ишлар кўриб тамомланган. Ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 98 маротаба хусусий ажримлар чиқарилди.
Иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 375 та иш кўрилиб, уларнинг фойдасига 832 миллион сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.
М. Сулаймонов, ЎзА