Аҳоли билан мулоқот ва сайёр қабуллар давомида кўп қаватли уйлар орасида қурилаётган иншоотлар борасида ҳақли эътироз ва мурожаатлар бўлди.
Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Фарғона шаҳар Шодиёна маҳалласига кутилмаганда бориб, бу ерда аҳоли билан учрашуви ва мавжуд ҳолатнинг ўрганганлиги ҳудудларда кўплаб муаммолар борлигини кўрсатди. Бугунги кунда вилоят ҳокими бошчилигида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини “маҳаллабай” ўрганиляпти, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш чоралари кўриляпти.
Аҳоли билан мулоқот ва сайёр қабуллар давомида кўп қаватли уйлар орасида қурилаётган иншоотлар борасида ҳақли эътироз ва мурожаатлар бўлди. Вилоят раҳбари мутасаддиларга мазкур қурилишларни тўхтатиш, қонунийлигини ўрганиш ҳамда бундай қурилишларга рухсат бериш билан боғлиқ қарорларни бекор қилиш юзасидан топшириқ берди.
Хўш, нега кўп қаватли уйлар орасидаги қурилишлар тўхтатилди? Уйларни қураётган тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қандай ҳимоя қилинади?
Бугун вилоят ҳокимлиги ахбороти хизмати томонидан ташкил этилган брифингда вилоят ҳокими ўринбосари Дилшод Ҳожиаҳмедов, Фарғона шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев ва шаҳар прокурори Дилмурод Қобулов томонидан бу борадаги ишлар ҳақида ахборот берилди.
-Дарҳақиқат, олиб борилаётган ўрганишлар давомида кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар томонидан мазкур уйлар орасида янги қурилаётган бинолар ноқулайликлар келтириб чиқараётгани, болаларни очиқ ҳавода ўйнашлари, кексалар ва нуронийлар учун сайр қилишга имконият қолмаётганлиги ҳақида мурожаатлар тушди, -дейди шаҳар ҳокими.
–Бу эътирозлардан келиб чиқиб, кўп қаватли уйлар орасида олиб борилаётган қурилишлар қонуний ўрганиб чиқилиб, хулоса тақдим этилгунга қадар вақтинча тўхтилди. Ҳозирда бу борадаги ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чуқур таҳлил қилиняпти. Айрим объектлар бўйича маҳаллий ҳокимият томонидан қабул қилинган қарорларни бекор қилиш, айримларини қонунга мувофиқлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Кўп қаватли уйлар орасида режалаштирилаётган уйларнинг қурилишини тўхтатиш ва унга қонуний баҳо беришга бир қатор омиллар сабаб бўлган.
Биринчидан, шаҳарсозлик қоидаларига кўра, кўп қаватли уйлар орасида болалар учун майдончалар ва ўсмирларни спорт билан шуғулланишларига майдонлар, аҳолини дам олиши ва сайр қилиши учун кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар ташкил этилган бўлиб, янги қурилишлар натижасида айнан мана шу иншоотлар бузиб юборилган.
Янги қурилишлар кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи муҳандислик-коммуникация тармоқларига жиддий зарар етказмоқда. Шу боис айни кунларда қурилишлар тўхталиб, бузиб юборилган болалар майдончалари қайта тикланмоқда, соғломлаштириш йўлаклари барпо этиляпти, ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажариляпти. Шунингдек, автотураргоҳлар, сайр қилиш учун хиёбонлар ташкил қилинмоқда.
Албатта, мазкур ишларни амалга оширишда тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказмаслик чоралари кўрилган. Қарорлар қабул қилинган, лекин қурилиши бошланмаган ҳамда эндигина қурилишга киришган тадбиркорларга бошқа ҳудудлардан ер майдонлари таклиф этилмоқда.
Фарғона шаҳрининг бош режаси ва урбанизация дастурига кўра, Нурафшон кўчасидаги Мустақиллик шаҳарчаси ва Аэропорт кўчасида бунёд этилаётган мавзеда янги турар жойлар барпо этилмоқда. Шунингдек, Фарғона туманидан шаҳарга қўшилаётган 300 гектар ер майдонига Туркия ва Жанубий Корея давлатларининг лойиҳа институтлари билан ҳамкорликда йўлдош шаҳарчанинг бош режаси ишлаб чиқиляпти. Тадбиркорлар бу ерда қурилиш ишларини олиб боришлари мумкин.
Шаҳар прокуратураси томонидан ҳозирга қадар 20 дан ортиқ маҳаллаларда қурилиш ишлари ўрганиб чиқилди.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА