Мобиль дастурлар яратиб, улар орқали ўзгаларнинг пластик карталаридаги маблағларни ўғирлаган киберфирибгарларга суд ҳукми ўқилди.
Рақамли технологиялар ҳаётимизга бугун жадал кириб келмоқда. Қўлимиздаги оддий телефонда ҳам бугун кўплаб мобиль дастурлар, иловалар бор. Афсуски, баъзи фуқаролар бунда ўз манфаатини ўйлаб, қаллоблик йўлини танлаяпти. Сўнгги пайтларда кибержиноятларнинг кўпайиб бораётгани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.
Тошкент шаҳрида яшовчи, тадбиркор Ш.Ш ҳамда Турин политехника университети талабаси А.Ю ҳам ахборот тизими орқали одамларни “чув” тушириш режасини тузган.
Улар интернет ижтимоий тармоғидан фойдаланиб, зарарли иловасини яратади. Мазкур илова орқали фуқароларнинг пластик картасидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Дастур ёрдамида фуқаро А.Н.нинг пластик картасидаги 47 миллион 235 минг сўм миқдоридаги пул маблағини биржада криптовалютага алмаштирган ҳолда мазкур маблағларни яширин равишда талон-торож қилади.
Бундан ташқари, фуқаро О.Ж.нинг картасидаги 45 миллион 225 минг сўм сўм миқдоридаги пул маблағларини ҳам криптовалютага алмаштирган ҳолда ўзлаштириб олган.
Фарғона вилоят ИИБ киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан мазкур ҳолатлар бўйича тезкор техник тадбирлар ўтказилиб, икки фирибгарнинг қилмиши фош бўлди. Судланувчиларга суд ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Нодирбек Раимқулов,
Фарғона вилоят судининг судьяси.
ЎзА