Автомобил йўлларини иқтисодиётнинг қон томирлари, деб атайдилар. Дарҳақиқат, умумфойдаланиш йўлларининг мавжудлиги ва сифати иқтисодий барқарорлик омилларидан биридир.
Фарғона вилоятида жами 19977 километр автомобиль йўллари бўлиб, шундан умумийфойдаланишдаги қисми 4057 километрни ташкил этади. Уларни жорий таъмирлаш, янги йўллар қуриш учун шу йилнинг ўзида вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси 46,3 миллиард сўмлик 102 дона йўл техникаси сотиб олди.
Умумфойдаланишдаги йўллар ҳар ҳолда рисоладек, деса бўлади. Аммо ички йўллар-чи? “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида уларнинг деярли ярми асфальт қилинди ёки шағал тўкилди. Мана энди “Ташаббусли бюджет” дастури амал қиляпти. 2024 йилда биргина вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси 147,9 миллиард сўм маблағ эвазига 363 км йўлларни таъмирлади. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда маҳалладаги 602 км узунликдаги тупроқ йўлларга шағал ётқизилди.
Қўштепа тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи мутахассислари шу кунларда Янгиариқ маҳалласидаги ички йўлларда асфальтлаштириш ишларини олиб бормоқда. Маҳалла “Ташаббусли бюджет”да иштирок этиб, 3178 метр йўлни асфальтлантириш учун 1 млрд 360 млн сўм ютиб олди. Маҳаллада 9 та номдаги кўча бўлиб, бир қисми “Обод маҳалла” дастури асосида асфальтланган эди. Аммо ҳали узоқ йиллар, балки очилганидан буён асфальт кўрмаганлари ҳам бўлган.
– Учта фарзандим бор. Мактаб бир ярим километр узоқликда, – дейди Қудрат Аҳмедов. –Болалар мактабга лой кечиб боришар эди. 30 йил деганда асфальт бўляпти. Маҳалламиздаги аҳоли, ҳаммамиз хурсандмиз.
Асфальт қалинлиги, унинг остидаги зичлик, асфальт сифати жамоатчилик назоратида. Туман йўлсозлари лойиҳада белгиланган барча кўрсаткичларга амал қилишмоқда.
– 250 км йўл бу йил юз фоиз таъмирдан чиқарилди. Ташаббусли бюджет ҳисобидан корхонамиз шаффоф тендерда қатнашиб, иккита маҳалла фуқаролар йиғини ғолиб деб топилди, – дейди Қўштепа туман йўллардан фойдаланиш муассасаси бош муҳандиси Тоҳиржон Мадраҳимов. – Янгиариқ маҳалласидаги 3,2 км йўлга шағал ётқизиш ишлари якунланиб, асфальтлаш якунига етяпти.
Ҳа, қишлоқ ва маҳаллаларда навбати билан тупроқ кўчаларга асфальт ётқизиляпти. Аммо ҳали йўлсозларнинг таъкидлашича, вилоятдаги автомобиль йўлларининг 4051 километр ёки 20 фоизи ва яна 237 та кўприк таъмирталаб. Бу эса автомобиль йўллари учун қўшимча маблағ ажратилишини талаб этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jCiiWBP2xUo" title="Фарғонада ички йўллар асфальт қилинмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари