Фарғона вилоятида оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида муайян чора-тадбирлар олиб борилаётган бўлсада, фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳдан ажратиш ҳақидаги талабларни қаноатлантириш юқорилигича қолмоқда.
Бу бўйича кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 662 та ёки 30,7 фоизга кўпайган. Судларда никоҳдан ажратиш жами кўриб тамомланган ишлардан 2 минг 600 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган. 1 минг 573 таси бўйича даъво қаноатлантирилган, 1 минг 27 таси рад қилинган, 30 та фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган ва 182 та фуқаролик иши кўрмасдан қолдирилган.
Фарғона вилоят судлари томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақида маълумот берилди. Вилоят суди, вилоят маъмурий суди, туманлараро, туман-шаҳар судлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлил этилиб, ҳуқуқий тарғибот ишлари, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида ахборотлар очиқланди.
Вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туман-шаҳар судлари томонидан 5 минг 685 нафар шахсга нисбатан 4 минг 901 та жиноят иши тамомланган. Ўтган йилга нисбатан шахс сони 1 минг 328 нафарга кўпайган бўлса, жиноят ишлари ҳам мутаносиб равишда 1 минг 239 тага ортган.
Вилоят суди раисининг ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Ваҳобовнинг маълум қилишича, кўрилган ишлардан фирибгарлик 360 тага, ўғирлик 249 тага, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш 239 тага, қасддан баданга енгил шикаст етказиш 64 тага, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш 64 тага, безорилик 41 тага, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш 31 тага, ҳақорат қилиш 16 тага, босқинчилик 22 тага ошган.
М.Сулаймонов, ЎзА