Фарғонада ҳам уруш қатнашчиларига эҳтиром кўрсатилди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Фарғона шаҳридаги Хотира хиёбонида ташкил этилган байрам тадбирида уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, фаол ёшлар жамул-жам бўлишди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров тадбирнинг энг азиз меҳмонлари билан бирма-бир кўришиб, эзгу тилакларини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Ҳарбий оркестр садолари остида ҳарбийлар, Миллий гвардия, ички ишлар идораларининг жанговар қўшинлари майдон бўйлаб тантанали саф тортиб ўтди. Уруш йиллари ҳарбий машиналари, қурол-аслаҳалари, Қуролли Кучларимизнинг бугунги қудратини кўрсатувчи замонавий техникалар намойиши байрам иштирокчилари қалбини ғурур-ифтихорга тўлдирди.
Ҳарбий оркестр садолари остида вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари “Мотамсаро она” ҳайкали пойига анвойи гулдасталар қўйдилар. Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган жангчиларнинг табаррук номлари ёзилган Хотира китоблари варақланди.
“Ватанпарварлар боғи”даги уруш йилларини акс эттирувчи театрлаштирилган томошалар, жисмоний ва маънавий баркамолликни намоён этувчи машқлар, ҳарбийлар билан юзма-юз мулоқотлар, ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан танишув тадбир қатнашчиларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Фарғона тумани маркази - Водилдаги вилоят ҳокимлиги қабуллар уйида фарғоналик бир гуруҳ уруш фахрийлари, вилоят фаоллари Президентимизнинг байрам табригини онлайн тинглади.
Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқди.
- Фарғонада ҳам уруш, фронторти меҳнат фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатилди,-деди вилоят раҳбари. – Табаррук хонадонларда Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига Сизнинг табригингизни ўқиб эшиттириб, Президент совғалари топширилди. Уруш фахрийлари кўзда ёш билан миннатдорчилик билдириб, тинч-фаровон ҳаёт учун дуога қўл очдилар. Айни кунларда вилоят марказида ташкил этилган “Ватанпарварлар боғи”ни янада кенгайтириш, уруш йилларига оид экспонатларни бойитиш ҳаракатидамиз.
Байрам тадбири тўкин дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида давом этди. Файзли даврада бирда қайғули, бирда мароқли хотиралар эсга олинди, қалблар ширин дийдордан яйради.
Бир гуруҳ фарғоналик нуронийларга Президент Фармони асосида таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали равишда тақдим этилди.
Санъаткорлар томонидан ташкил этилган байрам дастури барчага хушкайфият бағишлади.
[gallery-2352]
М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган сурат