Ғалла – 2025
Жорий йилда Фарғона вилоятида 94 минг 300 гектар майдонда ғалланинг “Аср”, “Давр”, “Веха”, “Антонино”, “Алексевич” ва “Безостая-100” каби серҳосил, эртапишар навлари парвариш қилинди. Айни кунларда ўрим-йиғим мавсумига киришилмоқда.
Ёзёвон туманида ғалла ҳосилини сифатли ва уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олишга бағишланган вилоят кўргазмали семинарда бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб олинди. Унда туман ҳокимлари, уларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, ғаллачилик дон қабул қилиш корхоналари бошлиқлари, соҳага дахлдор вилоят ташкилот ва бошқармалар, отрядлар раҳбарлари, жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
[gallery-23709]
Дастлаб семинар иштирокчилари Марказий Фарғона ҳудудидаги "Баҳромжон" фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. Ушбу хўжаликда жами 344 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 182 гектарида ғалла, 162 гектарида эса пахта экилган. Фермер хўжалигида 25 та юқори унумли ғалла ўрим комбайнлари ва ҳайдов техникалари бор. Ғалланинг эртапишар навлари экилган бўлиб, айни пайтда ўрим ишларига киришилмоқда.
Шу ерда ғалла ҳосилига барака тилаб, дуолар қилинди. Вилоятда ғалла ўрим-йиғим мавсуми бошланди.
Фермер хўжалигида 10 гектар майдонда 50 хил кузги бошоқли дон ва мойли экинлар синов-тажриба тариқасида етиштирилмоқда. Семинар иштирокчиларига ушбу тажриба майдони ҳамда навлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбир давомида Хитой технологияси асосида юқори кўрсаткичларга эришиб келаётган, ҳосилдорликни 100 центнерга етказишни мақсад қилган "Мезон" фермер хўжалиги тажрибаси ҳам кўздан кечирилди.
– Илғор фермерлар тажрибасини ўрганиш, улар даласига ҳавас қилиш керак. Тартиб, интизом ва илм билан янгиликка интилиб фаолиятни амалга ошириш зарур. Шундагина яхши кўрсаткичларга эришилади. “Мезон” тажрибасини барча ҳудудларда оммалаштириш керак, – деди вилоят ҳокими.
Кўргазмали семинарда ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш, бўшаган ер майдонларида такрорий экинлар экиш, бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда турмуш даражасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоятда ўрим-йиғим ишларини сифатли амалга ошириш учун 340 та отряд ташкил этилган. Ушбу отрядлар таркибига 340 та комбайн, 1 минг 700 та дон ташиш техникалари, 340 та махсус жиҳозланган прицеплар, 340 та чизел, 98 та ёқилғи ташиш агрегатлари ва 46 та ўт ўчириш машиналари бириктирилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров жорий йилги ғалла мавсумини сифатли амалга ошириш, қисқа фурсатлар ичида ўриб, йиғиштириб олиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Комбайнчилар, ҳайдовчилар ва ўрим-йиғимнинг бошқа иштирокчиларига шароитлар яратиш, ишларни тизимли ташкил этиш кераклиги таъкидланди.
Тадбирда масъулларнинг мавсумга тайёргарлиги бўйича ахборотлари эшитилди. Отрядлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш чоралари, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган рақамлаштириш жараёнларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Олдинда турган вазифалар келишиб олинди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров(сурат),ЎзА