
Экин майдонлари йилдан-йилга қисқарсада, пахта ҳали-хануз мамлакат қишлоқ хўжалигининг асосий экини бўлиб қолмоқда. Аммо масаланинг иккинчи томони бор. Ўзбекистонда 2024 йилдан бошлаб ҳосилдорликни ошириш устувор масалага айланди. Бунинг учун янги технологиялар, янги навлар, янги техникалар қўллаш бошланди.
Фарғона вилоятининг Бағдод туманида 2024 йилда 4,5 минг гектар майдонга чигит экилиб, 16,6 минг тонна ҳосил олинди. Ҳосилдорлик гектаридан 36,8 центнерга тўғри келди.

Бу йил эса экин майдони 7 фоизга, яъни 300 гектарга қисқартирилсада, ўртача ҳосилдорликни 50 центнерга етказиш режа қилинган. Бунинг учун 76 схемада чигитни плёнка остига қўшқатор усулда экишяпти.
– 76 схемада қўшқатор экиш учун дастлаб биз пахта терим машинасини олиб келдик. Ҳозирча улар 8 та. Яқин кунларда яна 2 таси етиб келади, – дейди Бағдод тумани ҳокимининг ўринбосари Орифжон Халилов. – Шунингдек, Хитойдан 20 та қўшқатор чигит экиш агрегатини ҳам сотиб олдик. Бундан ташқари, 20 дона ерни лазер ёрдамида текислаш ускунаси келтирилди. Юқори унумли техникалар– “Klass”, “Ariol”, “Onland” ва 20 та “Zoom ilyon” ҳам олинган.

Бугун Бағдод далаларига чигит экила бошланди. Тумандаги барча фермер хўжаликлари раҳбар ва мутахассислари учун намунали семинар ўтказилди. Унда янги техника, уруғ, кимёвий дориларни қўллаш ҳамда плёнка остига қўшқатор чигит экиш услублари юзасидан тажрибали деҳқон ва мутахассислар батафсил тушунча бердилар.
– Қўшқатор сеялка билан бирга Хитойдан янги навли уруғлар ҳам олиб келинди, – дейди “Солижон Аҳмедов” фермер хўжалиги раҳбари Исмоил Аҳмедов. – Уларни экиб, астойдил ишлаймиз ва 60 центнердан ҳосил олиш учун ҳаракат қиламиз.

Чигит экишда энди ҳаммаси ҳисоб- китобли. Яъни, масалан, 6 қаторли қўшқатор экиш сеялкаси 76х10 схемада 1 гектарда 26,3 минг метр узунликка плёнка остига 263 минг дона уруғ ташлайди. Шундай қилиб, уруғ ҳар бир уяга бир донадан экилади. Тежамкорликнинг иккинчи йўли бу плёнка остига чигит экишдир.

– Биринчидан, чигит барвақт экилади ва ҳосил ҳам барвақт пишади. Чунки пахта кун санайди.Натижада ғалла экиш ҳам кечикмайди. Қолаверса, чигит плёнкага экилганда остини ўт босмайди. Бундан ташқари, Хитой уруғи гербицитга ҳам чидамли. Охир-оқибатда пахта таннархи камайиб, ҳосилдорликнинг ошиши ҳисобига даромад кўпаяди, – дейди Исмоилжон Аҳмедов.
Ҳа, бугунги фермер илмга асосланиб, деҳқончилик қилишга ўтди. Деҳқончилик эса янги услуб ва янги технологияларга асосланмоқда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IOwQt03zggw" title="Farg`onada erga chigit tushdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари