Фарғона вилоятида бугунги кунда 76 та профессионал таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Бу даргоҳларда янги ўқитиш технологияларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ёшларни таълим олиш билан бирга ҳақиқий иш жойида ўз касбий кўникмаларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда дуал таълимнинг ўрни катта. Ҳозирда дуал таълим шакли кўплаб профессионал таълим тизимида йўлга қўйилди. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим, темир йўл ва қурилиш каби соҳаларда ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида профессионал таълим муассасаларига дуал таълим шакли бўйича ёшлар ўқишга қабул қилинди.
Ривожланган мамлакатларнинг таълим тизими ўрганилиб, замонавий технологиялар ва дастгоҳларда ўқиш билан бир вақтда корхона, ташкилотларда иш фаолиятини олиб бориш имкониятини берувчи дуал таълим шакли Ўзбекистон таълим тизимига киритилди.
“Дуал” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, бирор нарсанинг икки қисмга тааллуқлилиги, иккита нарсани ифодаловчи, икки қисмдан иборат, деган маъноларни билдиради. Дуал таълим – ўқувчи-талабага таълимни ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш билан бирга олиб бориш имкониятини берувчи тизимдир. Бунда ёшлар 2-3 кун таълим муассасасида назарий билимларни ва 3-4 кун корхона ва ташкилотларда ҳақиқий иш жараёнларида амалий кўникмаларни эгаллайди.
Бағдод педагогика коллежида мактабгача таълим, мактабгача таълим ёрдамчи тарбиячиси, кутубхонашунослик касблари бўйича 828 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. Бу ердаги ёшлар олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш имконига эга бўлмоқда. Улар мактабгача таълим ташкилотлари ва бошқа муассасаларда ҳақиқий иш жараёнини ўрганиб, етарли малакани эгаллаяпти.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/yOlJiLCWbhw" title="Фарғонада дуал таълим қандай самара бермоқда?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
М.Сулаймонов,
ЎзА