Ўзбекистондаги дорихоналардан харид қилинган “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситаларини қабул қилгандан сўнг беморларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ва 18 нафар боланинг ўлими ва ўнлаб болаларнинг шифохонага ётқизилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун “Док-1 Макс” сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.
Хўш, Фарғона вилоятида болаларни дори препаратларидан заҳарланишининг олдини олиш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси масъулларининг хабар беришича, бугунги кунда болаларни таблетка ва сироп дори воситаларидан заҳарланишини олдини олиш мақсадида вилоятдаги барча даволаш профилактика муассасаларига «Док-1 Макс» препаратларидан сақланиш бўйича топшириқлар берилган. Хусусан, таркибида парацетамол дозаси бўлган дори препаратларини болалар буйрагига токсик таъсир қилиши ҳамда терапевтик дозани оширилишига йўл қўймаслик, тана ҳарорати 38 0 С дан юқори бўлган болаларни табиий усуллар билан тана ҳароратини тушириш, ота-оналарга таркибида парацетамол сақлайдиган препаратларни ўзбошимчалик билан ичирмаслик тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, таркибида парацетамол сақлайдиган ёки бошқа дори препаратларини заҳарланиб мурожаат қилган болалар тўғрисидаги маълумотлар зудлик билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига хабар бериш, ёш болалари бўлган оилаларга кўрсатилаётган патронаж хизмати кучайтирилиши йўлга қўйилди.
–Айни пайтда “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситалари вилоятимиздаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган, — дейди Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов. — Қолаверса, бугунги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг болалар реанимация бўлимида “Док 1 Макс” сиропини ичиши натижасида Қувасой шаҳрида яшовчи 3 ёшли бемор бола доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанмоқда. Унинг умумий аҳволи оғир, ҳушида. Беморга тасдиқланган даволаш стандарти асосида даво муолажалари олиб борилмоқда. Вилоятдаги вазиятни шахсан ўзим назоратга олганман. Яна бир бор аҳолимиздан иситма туширадиган дори воситаларини фақат шифокор тавсияси ва назоратида қабул қилишни сўрайман. Қолаверса, фарзандларимизга шифокорнинг аниқ тавсиясисиз, ўзбошимчалик билан дори препаратларини бермасликни илтимос қилиб қоламиз.
М.Сулаймонов, ЎзА