Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада боғчадаги тамагирликлар фош бўлди

Боғчаларда ишлайдиган айрим раҳбарлар болаларнинг ҳақига хиёнат қилишдан қўрқмай, қинғир ишларга қўл урмоқда.

Фарғона вилояти Бағдод туманида нафс куйига кирган ана шундай шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Малоҳат Бозорова 40-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келарди. Афсуски, у ҳалол ишлаш ўрнига ўзгаларнинг ҳақига эга чиқиб, даромад кўрмоқчи бўлди.

Дастлаб озиқ-овқат маҳсулотларини таомномаларга асосан чиқарилган харажатларга нисбатан ҳисоботларда асоссиз равишда ошириб кўрсатиб, маблағларни талон-тарож қилган. Шунингдек, у бу ишларни давом эттириб, ҳужжатларга сохта маълумотлар киритади. Ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ташкилотнинг 140 миллион сўмдан ортиқ мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиб юборган. 

Нафси ҳакалак отган опа ўғлининг номига қурилиш-таъмирлаш ишларига ихтисослашган жамият очиб, бюджет маблағларини ўзлаштиришни мақсад қилади. М.Бозорова ўзи ишлайдиган мактабгача таълим ташкилотида 2018-2021 йилларда амалга оширилган жорий таъмирлаш ишларига сохта ҳужжатлар тайёрлаб, амалда қилинмаган 72 миллион 633 минг сўмни ўзлаштиришга эришади. Бундан ташқари, у моддий жавобгарлиги остида бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам ўзлаштиргани маълум бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, судланувчига нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш мақсадида тўланган пуллар давлат фойдасига ўтказилди.

М. Сулаймонов, ЎзА