Кейинги йилларда вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда кескин юксалиш сари юз тутди. Ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида, турмуш тарзидаги ижобий ўзгаришларни яққол кўриб, ҳис этиб турибди. Бунинг асосий омилларидан бири, шубҳасиз, фарғоналикларнинг меҳнаткашлиги, ташаббускорлигидир.
Биргина жорий йилнинг ўзида вилоятга ўтган йилгига қараганда 2 баробар кўп, яъни 3,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилади. Бунинг ҳисобига 1,5 миллиард долларлик маҳсулот экспортга чиқарилади, 44 мингга яқин доимий янги иш ўринлари яратилади.
[gallery-25162]
Кейинги йилларда вилоятда саноат корхоналари сони 2,8 баробарга кўпайиб, 13 мингтага етганлиги иқтисодиётимизнинг тез суръатларда ривожланиб бораётганини кўрсатади.
Ўтган йили 462 та истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳаларда яратилган қувватлар қўшилиши натижасида 332 миллион АҚШ долларилик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилиниб, аввалги йилларга қараганда 1,5 баробар ўсишга эришилди.
“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси Қувасой шаҳрида 210 гектарга кенгайди. Бу ерда 1 миллиард долларлик 200 га яқин янги лойиҳа амалга оширилиши натижасида 11,8 мингта иш ўрни яратилади.
Ғалланинг 56 хил нави экилиб, синов-тажриба даласи ташкил этилди. Жойларда 100 центнерга етказиб дон олаётган деҳқонлар кўпайиб бормоқда.
Шу кунга қадар 707 та юқори унумли ҳайдов, лазер текислагич, чигит экиш сеялкаси, чопиқ тракторлари ва культиваторлар, дон ўриш ва пахта териш машиналари сотиб олинган. Хитой услубида чигит экилган майдонлардан гектарига 60-70 центнердан пахта ҳосили йиғилмоқда.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш уларнинг ҳаёт сифати даражасининг ўсишига олиб келади. Вилоят аҳолиси ҳар йили ўртача 90 минг нафарга кўпаймоқда. Бу эса қўшимча 4 минг хонадонли уй-жой, 40 та мактаб, 100 та боғча, 20 та шифохона ҳамда 50 мингта иш ўрнига эҳтиёж борлигини кўрсатади. Ана шуни ҳисобга олиб, кўп қаватли турар жойлар қурилиши, вилоят маркази, туман ва шаҳарларда “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этиш ишлари шиддат билан олиб борилмоқда. Фарғона шаҳрининг ўзига хос тимсолига айланган Экошаҳар – “Янги Ўзбекистон” массиви ноёб ва мукаммал ёндашув асосида қуриб битказилди.
Айнан “Янги Ўзбекистон” массивидаги кўл ва мусиқали фонтан ёнида жойлашган салобатли амфитеатрда мустақилликнинг 34 йиллик байрам тантаналари бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг меҳнат фахрийлари, ишлаб чиқариш илғорлари, зиёлилар вакиллари, ёшлар иштирок этдилар.
Анъанавий чорлов мусиқаси янгради ва байрам тадбирлари бошланди. Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров Фарғона аҳлини энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклар экан, сўнгги йилларда вилоят эришган ютуқлар мамлакат президентининг узоқни кўра билган сиёсати ва ислоҳотлари туфайлидир, деди.
Байрам саҳнасида Ватан ва мустақилликни мадҳ этувчи дастур бирин-кетин намойиш этилар эди. Вилоят ва республиканинг таниқли санъаткорлари осмони мусаффо Ўзбекистон, қалби пок, меҳнатсевар юрт халқларини улуғловчи куй ҳамда қўшиқларни ижро этдилар.
“Янги Ўзбекистон” мавзесидаги ўйноқи фаввора байрам тантаналарига ҳамоҳанг тебранар эди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/y_3rtyZzBO4" title="Farg`onada bayram tantanalari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов, ЎзА