Фарғона вилоятида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидалари билан боғлиқ жиноят ишлари ошган.
Албатта, бундай аянчли ҳодисаларга кўпроқ ҳайдовчиларнинг малакасизлиги ёки ўқимасдан туриб ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлиги сабаб бўлмоқда. Таниш-билишчилик, тамагирлик ҳолатлари барҳам топмаяпти. Осонгина автомашина бошқариш ҳуқуқини қўлга киритмоқчи бўлганлар шундай қинғир ишга қўл уришаётгани ташвишланарлидир.
Сарвар Саримсоқов Бағдод туманидаги “Bogʼdod avto ustoz” масъулияти чекланган жамиятида ўқитувчи вазифасида ишлаган. Унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш ваколати бўлмасада нафс йўлига кирди. Ф.Бадаловга «В,С» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини Риштон туман 2-ТРИБда ишловчи танишлари орқали олиб беришда ёрдам қилишини айтади. Бунинг эвазига 400 АҚШ доллари миқдорида «хизмат ҳақи» сўрайди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида пулни олган вақтида ушланиб, 400 АҚШ доллари далилий ашё тариқасида олинган. Автомактаб ўқитувчиси содир этган жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилиб, унга тегишли жазо тайинланди. Шу ўринда бир мулоҳаза. Жиноят учун жазо муқаррар. Шундай ишларга қўл ураётган кишилар виждони олдида бир ўйлаб кўришлари лозим. Ҳар куни содир этилаётган авариялар натижасида қанча инсонлар қурбон бўлмоқда ёки бир умр мажруҳга айланяпти. Ҳайдовчиликка ўқиган, йўл-қоидаларини яхши билганлар камдан кам хатога йўл қўяди. Шундай экан, ўз ҳаётингизни пулга сотманг.
Ойбек Мирсодиқов,
Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман суди раиси