Фарғонада анъанавий Чимён медиафоруми бошланди
Сўз ва матбуот эркинлиги –Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши деб белгилангани халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Бугунги кунда журналистлар учун ёпиқ мавзунинг ўзи қолмади.
Ахборот майдонида рақобат жуда кучли. Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири қандай? Миллий медиа маконда журналистлар, блогерлар очиқлик ва холисликка эътибор қаратмоқдами?

Фарғона туманидаги “Чимён” сиҳатгоҳида бошланган “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзуидаги анъанавий медиафорумда ана шулар хусусида сўз юритилмоқда. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан ташкил этилган анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 70 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Медиафорумнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ҳаётнинг қайноқ нуқталарида улар доимо фаол эканлиги қайд этилди.

- Чимён форуми ўзбек масс медиасида ўзига хос ўрин ва нуфузга эга, -дейди О.Ўсаров. - Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлимининг бунда хизмати катта. Албатта, бу анъанавий бўлиб қолиши керак. Бугун журналистларимизга чегараланадиган мавзунинг ўзи йўқ. Ўзбек матбуоти том маънода очиқ. Исталган масалада ўзининг таҳлилий-танқидий материалларини эълон қилмоқда. Мана бундай тадбирлар ОАВ ходимларининг маҳорат ва малакасини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ёш журналистлар учун мулоқот майдони яратиш, ўзаро тажриба алмашиш ва касбий муаммоларни таҳлил этишда анъанага айланган Чимён медиафорумининг ўрни беқиёс. Ўнинчи бор ташкил этилаётган бу анжуманда ўтган йиллар мобайнида 600 дан зиёд журналистлар малака ва маҳоратини оширди. Ҳозирда Фарғона тажрибаси сифатида мамлакатимиз бўйлаб оммалаштирилмоқда. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан мазкур эзгу ишлар ташаббускори бўлган вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов ташаккурнома билан тақдирланди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов медиафорум иштирокчилари билан босма ва электрон ахборот воситалари олдида турган вазифалар хусусида мулоқот қилди.

Медиафорум дастуридан ўзбек журналистикасининг ютуқ ва муаммоларини таҳлил этиш, нуфузли хориждаги ОАВ ходимлари билан тажриба алмашиш, газеталарнинг тақдимоти кабилар ўрин олган. Шу билан биргаликда улар сиҳатгоҳда соғлигини тиклаб, маданий ҳордиқ ҳам олади.
М.Сулаймонов, ЎзА