Фарғонада 552 та лойиҳа ишга туширилди
Фарғона вилоятида инвестиция дастурига мувофиқ, жорий йилда қиймати 7 триллион сўм бўлган 737 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 20 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Ўтган давр мобайнида 4,1 триллион сўмлик 552 та лойиҳа фойдаланишга қабул қилинди. Қолган лойиҳалар йил якуни билан тўлиқ ишга туширилиши таъминланади.
Жорий йилда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида 41 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 1,3 триллион сўмлик ёки 136,4 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бунинг натижасида ушбу лойиҳалар ҳисобига 2 минг 500 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Шу билан бирга, мазкур корханалар томонидан 25,5 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилди.
Вилоятда 26 та кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, мазкур саноат зоналарига умумий қиймати 1 минг 838 миллиард сўм бўлган 223 та лойиҳа жойлаштирилди.
Ҳисобот даврида 44 та янги хорижий сармоя иштирокидаги қўшма корхона ўз фаолиятини бошлади. 423,4 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши кутилмоқда.
Мазкур дастур доирасида Қўштепа туманидаги “Global textile solutions” МЧЖ томонидан пахта тозалаш ва пахтани қайта ишлаш, Қува туманидаги “Yingtai International Rent Service” МЧЖ томонидан интенсив боғ ва музлатгичли омборхона, Фарғона туманидаги "EKOKERAMA" МЧЖда сантехник буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди.
Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров вилоятни 2020 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва келгуси йилнинг истиқболли режалари ҳақида халққа мурожаатида маълум қилди.
М. Сулаймонов, ЎзА