Фарғонада 145 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди
Фарғона вилояти прокуратураси томонидан 2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳон натижалари ўрганилиб, 356 нафар абитуриентларнинг ҳақиқатда тўплаган балларига сохта ёзувлар киритиш орқали юқори балл тўплаган абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилмай қолинганлиги аниқланган.
Жумладан, велоспорт йўналишида абитуриент Д.Бакировнинг ҳақиқатда тўплаган 105,2 балли сохталаштирилиб, Давлат тест марказининг электрон маълумотлар базасига пасайтирилган 67,4 балл киритилиши оқибатида талабаликка тавсия этилмаган. Вилоят прокуратураси томонидан Бош прокуратура орқали Ўзбекистон Республикасининг Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси раисига хат киритилиб, унда идоралараро ишчи гуруҳи тузилган ҳолда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳон натижаларини қайта кўриб чиқиш ва натижаси бўйича таклиф киритиш сўралган.
Шунга кўра, маъсул вазирликларнинг етук мутахассисларидан иборат таркибда идоралараро ишчи гуруҳи тузилиб, ҳар бир абитуриентларнинг натижалари қайта кўриб чиқилган ва 145 нафари асоссиз равишда талабаликка қабул қилинмасдан қолганлиги аниқланган.
Ўрганиш натижалари жорий йил 14 февраль куни комиссия мажлисида муҳокама қилиниб, юқоридаги 145 нафар (3 нафар давлат гранти ва 142 нафар тўлов - контракт) абитуриентларни талабаликка тавсия этиш ҳақида қарор қабул қилинган. Ушбу қарорга асосан филиал директорининг 16.02.2023 йилдаги 10, 31 ва 32-сонли буйруқлари билан юқоридаги 145 нафар абитуриентлар талабаликка қабул қилиниб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Ёшлар ҳуқуқларини бузган филиалнинг собиқ директори Р.Расулов ва қабул комиссияси масъул котиби М.Муҳриддиновга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланди.
ЎзА