Кенг ва равон йўллар ҳар қандай кишининг дилини яйратади.
Бугун юртимизнинг қай бир ҳудудига борманг улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Айниқса, йўлсозларнинг қўли-қўлига тегмайди, йўл қуришдек савоб иш йўлида ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Фарғона вилоятида 15 минг 919 километр ички йўллар мавжуд бўлиб, 2017-2020 йиллар давомида дастурлар доирасида 1 минг 121 километр йўллар таъмирланди.
Бир пайтлар қишлоқлардаги лой кўчалар муаммоси аҳолининг эътирозига сабаб бўлгани рост. Вилоятнинг 123 та маҳалласи оғир ҳудуд сифатида қайд қилингани буни кўрсатиб турибди. Бугун эса бошқа масалалар қаторида ички йўлларга асфальт ётқизиш ижобий ечимини топмоқда. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида бу йил вилоятда 1 минг 663,4 километр ички йўлларни таъмирлаш режалаштирилган. Шунингдек, дастурдан ташқари қўшимча 750 километр йўлларда шағаллаш ишларини бажариш белгилаб олинди.
-Ҳозирга қадар ички йўлларни таъмирлаш дастури асосида ва дастурдан ташқари 1874,8 километр йўлларда белгиланган юмушлар тўлиқ бажарилди,-дейди Фарғона вилояти Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати унитар корхонаси директори Шуҳратжон Пўлатов. – Шу билан бирга дастур асосида 1176,8 километр, қўшимча 698 километр шағаллаш ишлари бажарилди.
Жорий йилда Тошлоқ туманида 51 та маҳалла фуқаролар йиғинида 53 километр ички йўлларни асфальтлаш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 14,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар 30 километрдан ортиқ ички йўллар асфальтланди. Бу борада белгиланган барча вазифаларни истиқлол байрамининг 30 йиллигига қадар якунига етказиш кўзда тутилган.
Шу кунларда “Сўфилар” маҳалла фуқаролар йиғинининг учта кўчасида 1,5 километр йўлни асфальтлаш ишлари икки сменада олиб бориляпти.Бу ишга Тошлоқ йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг 11 та замонавий техникаси, 20 нафар малакали ишчи-мутахассислари жалб этилган.
М. Сулаймонов, ЎзА