Фарғона уй-жой қурилиши миқдори бўйича мамлакатда етакчилардан бири деб эълон қилинди. Аммо... йўқ, бугун уларнинг сифати ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Чунки, у алоҳида, жиддий мавзу. Хўш, бу уйлар қаерларга қуриляпти?
Экошаҳар Фарғона аэропорти ёнидаги илгари ўзлаштирилмаган, адирлардан иборат майдонда бунёд этилмоқда. Бу ерда уч юзга яқин кўп қаватли уйлар, ижтимоий иншоотлар қурилиши режалаштирилган. Қолаверса, у ўз номи билан ЭКО шаҳар. Яъни бу ерда табиий газ қўлланмайди. Ҳаммаси, уйларни иситишдан то хонадон ошхонасигача электр қувватида ишлайди. Кўп қаватли уйлар оралиғида хиёбонлар, болалар майдончалари, автомашиналар турар жойларигача ҳисобга олинган. Хуллас, экошаҳар – замонавий талаблар лойиҳаси, дейиш мумкин.
Лекин, шаҳар ичидаги уй-жойлар-чи? Улар шу қадар зички, ҳатто кўнгилсиз воқеа рўй берса, ёрдам кўрсатиш хизмати машиналари ҳам эркин юра олмайди. Қаердаки, бир парча ер бўлса, ўша ерга кўп қаватли уй жойланган.
Бу ҳам майли-я, аҳоли фойдаланиб келган ижтимоий манзиллар ҳам бирин-кетин камайиб, ўрнида яна қўп қаватли турар жойлар тикланяпти.
Мана бу бинолар ўрнида илгари болажонлар учун аквапарк бўлар эди.
Марғилонсой соҳилидаги “Ёшлар боғи” ҳудуди кундан-кун қисқариб, ўринини ошхона-ю, ресторан, клиникалар эгалламоқда.
Шаҳардаги ягона истироҳат боғи ҳам жон талвасасида чекиняпти. Аҳмад ал-Фарғоний боғига киришнинг энг катта йўлаги ўрнида ҳашаматли бино қурилаётганини кўрасиз.
Нега ҳадеб эди, эди деяверасиз, деб дашном беришга шошилманг.
Шаҳар марказидаги “Ёшлар кўли” 2020 йилда таъмирланган, ободонлаштирилган, чор атрофига тоза сув билан таъминлаб туриш учун тик қудуқлар чиқарилган эди. Ёзнинг иссиқ кунлари минглаб фарғоналиклар шу ерда чўмилишар, сув спорти билан шуғулланишарди... Шунинг учун ҳам у вилоят спорт бошқармаси ҳисобида турар эди.
2021 йилга келиб ва ундан кейинги уч йил давомида “Ёшлар кўли” сув билан тўлатилмади, ёзда ҳам фаолият кўрсатмади. Бунинг сабаблари ҳақида “Фарғона ҳақиқати” газетаси ўшанда таҳлилий мақола берганди. Мутасаддилар уни эътиборсиз қолдирдилар.
– Фарғона шаҳридаги бу “Ёшлар кўли” келажакда иқтидорли ёш спортчиларни танлашда энг асосий ўринга эга дегандим, – дейди Фарғона вилояти каноэ федерацияси ижрочи директори Насриддин Холиқов. – Мана энди ҳозирга келиб, ҳавзада сув йўқ, уни тўлдириш имконияти бўлмади. Тик қудуқ орқали олинаётган сув учун сарфланган электр қувватига пул топилмади. Шунинг учун аста-секинлик билан барча машғулотларимиз тўхтаб қолди. Кўл кўп хизмат қилиши керак эди бу спорт тури учун.
Куни кеча эса Фарғона марказидаги “Ёшлар кўли”да бузиш ишлари бошланди. Маълум бўлишича, у Фарғона вилояти ҳокимининг 2024 йил 29 январдаги 44-11-0-Қ/24-сонли қарорига кўра “Unays building” МЧЖга бириктирилган. Қарорда, жумладан, шундай дейилади:
“Фарғона шаҳар ҳокимлиги балансидаги собиқ “Ёшлар кўли” бино-иншоотларига меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси лойиҳаларини амалга ошириш шарти билан “Unays building” МЧЖга доимий муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктириб берилсин.
Давлат кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси бириктириб берилган ер майдонига аниқлик киритсин ҳамда тегишли тартибда кадастр ҳужжатлари тайёрласин”.
Хўш, бу қарор қанчалар асосли? Бу саволга жавоб олиш учун биз бир неча идоралар эшигини қоқдик.
– “Ёшлар кўли” шу кунгача вилоят спорт бошқармаси тасарруфида бўлиб келган, – дейди Фарғона вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нодир Ҳакимов. – Кўлни Фарғона шаҳар ҳокимлиги захирасига қайтаришга розилик берилган. Улар кўлдан қандай мақсадда фойдаланиши бизга қоронғу.
– Фарғона шаҳрида жойлашган собиқ “Ёшлар кўли” бир неча йиллардан буён қаровсиз ҳолатда бўлганлиги ҳамда ушбу ҳудудда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Фарғона филиали жойлашганлиги, ён тарафида вилоят кўз касалликлари шифохонаси борлиги ҳамда турли давлат идора ва ташкилотлар жойлашганлиги, кўлнинг эса ташландиқ ҳолати шаҳар кўринишига салбий таъсир кўрсатаётган эди, – дейди Фарғона шаҳар ҳокимининг ўринбосари Жаҳонгир Бахтиёров. – Ушбу жойдан самарали фойдаланиш мақсадида вилоят ҳокимининг тегишли қарорига асосан, хорижий инвестициялар жалб қилиш ҳамда маҳаллий маблағлар сарфлаш эвазига у ерда замонавий меҳмонхона, ресторан, кўп қаватли турар жой бинолари, кўнгилочар масканлар ташкил этилиши белгиланган.
– Давлат активларини бошқариш Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси билан олди-сотди шартномаси расмийлаштирилмаган, сабаби – объект сотилмаган. – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дилшод Тўлқинов. – Чунки, Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ–4231-сонли қарорининг 11-бандига кўра, вилоят ҳокимларига шаҳар-туман ҳудудларида бўш турган давлат мулки объектларини инвестиция киритиш шарти билан тадбиркорларга доимий ёки узоқ муддатга фойдаланишга бириктириш ҳуқуқи берилган. Шунга асосан, вилоят ҳокимининг қарори билан “Ёшлар кўли” тадбиркорга фойдаланишга берилган.
Фарғона шаҳрида атиги бир дона ёзги сунъий кўл бор эди. Сатҳи 2,2 гектарли кўл, айниқса, ёшларнинг севимли жойи бўлган. Хўш, улар бу ҳақда нима дейди?
Оғабек Муродиллаев:
– Ҳозир ёшларга яратилаётган шароит кам қоляпти. Кўл қолса яхши бўлар эди. Чунки, у ер ҳам сайилгоҳдек жой.
Абдулҳамид Абдулҳақ:
– Жойнинг қулайлик тарафи – олдидан сой оқиб ўтади. Ёзнинг жазирама пайтида кўлда чўмилиш учун барча шароит бор эди.
Озод Ваҳобжонов:
– Инсон соғлом бўлиши учун спорт билан шуғулланиши керак. Сузиш машғулотларини ўтказиб, мириқиб дам олиш учун тайёр турган кўл ўрнига уй-жой қургандан кўра, уни сақлаб қолиш керак, деб ҳисоблайман.
Нодир Ҳакимов:
– Бир вақтнинг ўзида юзлаб ёшларни қабул қиладиган бошқа кўл йўқ.
Шундай қилиб, нафақат шаҳар, балки вилоят аҳолиси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга “Ёшлар кўли” жамоатчилик фикрини ўрганмай, аввалдан қарор лойиҳаси эълон қилинмай, тендер савдосига қўйилмай “Unays building” МЧЖга ресторан, меҳмонхона ва уй-жой қуриш учун бириктирилган.
Хўш, “Unays building” МЧЖ ҳақида нималар маълум?
Давлат хизматлари агентлиги ҳужжатларида қайд этилишича, у 2024 йилнинг 5 январида рўйхатдан ўтган. Манзили – Фарғона шаҳридаги қўп қаватли уйларнинг биридаги хонадон.
Шу ўринда яна бир маълумот билан таништирмоқчимиз.
– Қиргули мавзесида жойлашган кўл бор. У ерда ёшларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши ҳамда сайёҳлар учун пляж ҳудуди ташкил этиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда, – дейди Фарғона шаҳар ҳокимининг ўринбосари Жаҳонгир Бахтиёров.
Ҳокимият Фарғона шаҳридаги “Ёшлар кўли” ўрнига таклиф қилаётган кўлнинг атрофи ботқоқлик, қамишзор, саҳни эса ер ости сизот сувлари кўлмагидан иборат. Изоҳга ҳожат йўқдек.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wMtR_-jRTCw" title="Fargʻona: “Yoshlar koʻli” oʻrnida... Turar joy?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Маълумот учун айтайлик, юқоридаги суҳбатдошлар тилга олган Президент қарорида бўш турган бинолар ҳақида айтилган. Бу ерда эса кўл майдони бириктириляпти. Бу вилоят ҳокими қарорида ҳам кадастр идорасига топшириқ бериш чоғида “ер майдони” дея алоҳида кўрсатилган.
“Unays building” МЧЖнинг инвестицяи жалб этиш, Фарғонада меҳмонхона, ресторан, кўп қаватли турар жой қуриш ҳақидаги режалари ибратли, албатта. Аммо...
– “Ёшлар кўли”ни сақлаб қолиш зарур эди, – дейди спорт мураббийи Насриддин Холиқов. –. Тадбиркор савдо дўкони, меҳмонхона ва уй-жойларни Эко шаҳарчада ёки бошқа жойда қурса бўлади-ку!
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА