Фарғона йўллари: сифат ва самарадорлик
Фарғона вилоятида 19 минг 950,5 километр автомобил йўллари мавжуд бўлиб, унинг 4 минг 31 километри умумфойдаланишдаги автомобиль йўллари, 15 минг 919,5 километри ички хўжаликлараро автомобил йўллар, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчаларини ташкил этади.
Ўтган йили вилоятда йўлларни таъмирлаш дастури доирасида умумий қиймати 494,8 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилган. 1 минг 550,4 километр йўллар ҳолати яхшиланиб, 1 та замонавий кўприк фойдаланишга топширилган.
– Белгиланган ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун янги техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш, арзон ва сифатли маҳаллий қурилиш хом ашёлар ёрдамида йўл қуриш, таъмирлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди Фарғона вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ойбек Назиров. – Айниқса, ички хўжалик йўллари ва йўлакларни таъмирлаш, транспорт ва аҳоли ҳаракатланиши учун қулай шароит яратиш, йўл белгилари ўрнатиш, таъмирлаш ишлари кундан кунга ортиб бормоқда. Натижада ички йўлларни таъмирлаш даражаси қарийб 68 фоизга ошди. 2021 йилда 1 минг 50 та маҳалла ва қишлоқлардаги ички йўллар таъмирдан чиқарилди. Бу ишлар самараси туфайли бир нечта ижтимоий соҳа объектларига олиб борувчи йўл ўтказувчанлиги таъминланди. Кенг ва равон йўллар қуриш, мавжудларини таъмирлаш билан боғлиқ ишлар бир дам бўлсада тўхтагани йўқ. Йўлсозлар йўлларни текислаш, тош-шағал, асфальт ётқизиш, бетонлаш каби мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини жадал олиб бормоқда.

Тошлоқ туманидаги “Хонариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2,5 километрга яқин ички йўллар асфальтланди, 600 метр бетон қопламали янги йўллар қурилди. Бир қараганда бу унчалик кўп рақамларни ташкил этмайди. Аммо, туман марказидан 30 километр олисда жойлашган, бир томони қўшни Андижон вилоятининг Бўз туманига туташ, ўтган асрнинг 50 йилларида қум барханлар “қўйнида” ташкил этилган қишлоқда яратилган бу инфратузилма тармоғи одамлар узоғини яқин, оғирини енгил қилиш имкониятини берди.

– Ёзда чанг-тўзон, қишда тўпиққача лойга ботган кўчаларимизда бугун амалга оширилган бунёдкорлик ишларига кўпнинг ҳаваси келади, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рўзибой Мирзаев. – Ўттиз йилдирки, ички йўлларни таъмирлаш, тартибга келтириш, тоза ичимлик суви олиб келиш ечиб бўлмас масалалардан бири эди. Орзуларимиз ушалди. Аҳоли турмуш тарзида муҳим бўлган маданий-маиший шароитларни яхшилаш учун зарурий бюджет маблағлари ажратишда аҳолининг бевосита иштирокини таъминлаш мақсадида “Очиқ бюджет”, “Ташаббусли бюджет” тамойиллари ҳаётга татбиқ этилгани айни муддао бўлди. Кўчаларимизни асфальтлаш борасида билдирган таклифимиз “Очиқ бюджет” порталида 2 минг 14 та овоз олиб ғолиб бўлди. Шунингдек, 3 километр тоза ичимлик сув тармоқлари тортилгани қишлоғимизга ўзгача қувонч-шодлик олиб келди. Обод бўлган кўчалар одамлар кайфияти, руҳиятини кўтарди.
Жорий йилнинг ўзида, биргина Тошлоқ туманида “Очиқ бюджет” платформаси ва “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида 9 километрдан ортиқ ички йўлларни асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда. Йиллар давомида таъмирланмасдан, қаровсиз ҳолга келган кўчаларда бир амаллаб юрган йўловчи йўл қадрини яхши билади.

– Иш бошлаган илк кунимданоқ маҳалла аҳли кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган йўл, тоза ичимлик суви тармоқлари фаолиятини яхшилаш, аҳоли учун муносиб шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратиб келяпман, –дейди Тошлоқ туманидаги “Сўкчилик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Муҳаммадқодир Нўъмонов. – “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида Ҳилол кўчасида 3 километр 100 метр йўлларга асфальт ётқизилди. Маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан яна 800 метр ички кўчаларни шағаллаштириш, асфальтлаш борасида иш олиб боряпмиз. Қўли-қўлига тегмай меҳнат қилаётган йўлсозлар, қудратли техникалар ёрдами билан ички кўчаларга шағал ётқизиш, текислаш, бетонлаш билан боғлиқ амалий ишлар бир дам бўлсада, тўхтагани йўқ.
–Янги маҳаллага кўчиб чиққанимизга 35 йил бўлди, – дейди Мухторали Эргашев. – Уйга меҳмон келса хижолат бўлардик. Кўчаларимиз куз-қиш ойларида лой, ёзда чанг-тўзон эди. Ҳолат юзасидан кўп жойларга мурожаат қилганмиз. Аммо ижобий ечим топилмаган. Қурилиш, бунёдкорликлар туфайли кўп қатори бизнинг маҳалламиздаги ички йўллар таъмирланди, аҳоли ва транспорт ҳаракатлари учун қулай шароитлар яратилди. Нафақат йўл, сув, электр таъминоти билан боғлиқ масалалар ечимига ҳам эътибор қаратилаётгани айни муддао бўлмоқда.
Жорий йилда вилоят ҳудудидаги 531 километр ички йўлларни таъмирлаш, асфальтлаш режалаштирилган. Ҳозирга қадар таъмирлаш дастурига асосида 47,6 километр цементобетон, 106,1 километр асфальт қоплама, 72,4 километр шағаллаш ишлари амалга оширилди. Қўштепа тумани “Лангар” маҳалла фуқаролар йиғини ички йўл соҳаси бўйича энг оғир ҳудудлардан бир эди. 2022 йил режаси асосида бу ердаги 7,1 километр ички йўллар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.
–Бу каби мисоллар кўлами кенг, – дейди Фарғона вилояти “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси раҳбари Шуҳратжон Пўлатов. –“Обод қишлоқ” дастури доирасида Ёзёвон туманидаги “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қайирма, Найман, Катташоҳ, Боғча, Боғ кўчаларида 3 километрдан ортиқ асфальтлаш ишлари олиб борилди. Бўтқачи кўчасининг 2,6 километрида йўллар қайта таъмирланди. Ички кўчаларни таъмирлаш билан боғлиқ иш жараёнларини 1 октябргача якунлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, вилоятимиздаги ички хўжалик йўлларини 2026 йилга қадар белгиланган дастур асосида босқичма-босқич тўлиқ таъмирлаш режалаштирилган. Бунинг натижасида бирорта ҳам носоз ички йўллар қолмайди. Узоқ йиллар давомида халқаро ва шаҳарлараро йўлларни қуриш, таъмирлашга бўлган эътибор туфайли ички йўллар ҳолати издан чиқди, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Эндиликда бу борадаги муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Президентимизнинг 2022 йил 18 март кунги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра, биргина Фарғона вилоятида 261 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида 85 километр цементобетон, 218 километр асфальт қопламали йўллар қуриш, 228 километр шағаллаштириш режалаштирилган. Бу ишлар Республика бюждети маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Таъмирлаш ишлари “Шаффоф” платформасида ғолиб бўлган пудратчи ташкилотлар томонидан олиб борилмоқда.
–Мутахассисларимиз томонидан алоҳида қурилмалар яратилиб, амалиётга инновацион ғоялар жорий этилмоқда, – дейди “Ўзйўлинспекция”нинг Фарғона вилояти ҳудудий бўлими бош мутахассиси – давлат инспектори Жаҳонгир Шаропов. – Бу борада маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиқиб, бетон қопламали йўлларни ёз ва қиш мавсумида бирдек хавфсизлиги учун жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳар бир жараён бўйича алоҳида йўриқномалар ишлаб чиқилди. Қўл меҳнатини камайтириш учун автоматик қурилмалардан кенг фойдаланилмоқда. Белгиланган меъёрга кўра, асфальт йўллардан ўртача 8-10 йил, бетон қопламали йўллардан эса 20 йил фойдаланилади. Сифати, тежамкорлиги ва хомашё борасида тақчиллик кузатилмаслиги сабабли яқин истиқболда ички йўлларни босқичма-босқич бетон қопламалари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
М.Сулаймонов,
ЎзА