Вилоятдаги шаҳар туманларда битта кўп қаватли уй 2-3 йилда қурилгани ҳали ёдимизда. Аммо сўнгги йилларда Ўзбекистон, жумладан Фарғона вилояти улкан қурилиш майдонига айланди. Эътиборлиси шундаки, энди аввалгидек шаҳар марказларида эмас, балки энг чет туман, қишлоқларда ҳам осмонўпар бинолар қад кўтаряпти.
– Юртбошимизнинг аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ташаббуслари асосида Фарғона вилоятида 834 та обьект қурилиши, 3,5 триллион сўмлик иш бажарилиши режалаштирилган, – дейди Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги Бош бошқармаси бошлиғи Беҳзод Раҳимов. – Ўтган 6 ойнинг ўзида 1,9 триллион сўмлик ишлар амалга оширилди.

Буни қарангки, Фарғона вилоятининг ўзида бир йилда 834 та кўп қаватли уй-жой қуриляпти. 6 ойда салкам 2 триллион сўмлик қурилиш монтаж ишлари амалга оширилган. Шу рақамларнинг ўзиёқ уй-жой қурилиши ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш Фарғона вилоятининг драйверларидан бирига айланганини кўрсатмоқда.
Атиги уч йил аввал Бағдод туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 64 та кўп қаватли уй қурилган эди. Бугун эса бу ташаббус мамлакат бўйлаб қулоч ёйди.

– Фарғона вилоятида шу йилнинг ўзида 7 та “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилмоқда, – дейди Беҳзод Раҳимов. –Унга қўшимча Президент топшириғига кўра Қўқон шаҳридаги 34,2 гектар майдонда реновация асосида 84 та кўп қаватли уйлар қуриляпти. Биринчи босқичнинг ўзида яъни, 3-чорак якуни билан 4300 хонадони бўлган 56 та уйларни фойдаланишга топширамиз.
Марғилон шаҳри аҳолисининг турар жой муаммолари йиллар давомида йиғилиб қолган эди. Давлат раҳбарининг топшириғи билан Марғилондаги “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши бошланганига энди бир йил бўлмоқда. Аммо миқёсини қаранг. Наврўз маҳалласи ҳудудида қурилаётган 756 хонадонли 10 та кўп қаватли уй-жойлар битиб қолди. Яна 34 гектар майдонда ҳалигача ўхшаши бўлмаган Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси қуриляпти.

– Марғилон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида Бурҳониддин Марғиноний илмий маркази ва туризм объектлари қурилиши жадал давом этмоқда, – дейди бошқарма бошлиғи. – Бу ерда илмий тадқиқот маркази, 50 ўринлик фиқҳдан сабоқ берувчи ҳуқуқшунослик олий ўқув юрти, ҳунармандчилик ва сайёҳлик мажмуаси, мақом театри, сайлгоҳ ҳамда сунъий кўл барпо этилмоқда. Шубҳасиз Фарғонанинг ифтихори – кейинги 2-3 йилда бунёд этилган Экошаҳар бўлиб қолди. Кенг кўчалар, гўзал ва кўркам бинолар, сайлгоҳ-у боғлар, ҳеч қаердагига ўхшамас фавворалар... Қай бирини санайлик?
– Шу йилнинг ўзида Эко шаҳардаги мавжуд турар жойлар қаторида яна 25 та уйлар қурилиши битказилиб, фойдаланишга топширилади, – дейди Беҳзод Раҳимов.

Қолаверса Фарғонанинг барча шаҳар ва туманларида маънан эскирган бир ва икки қаватли уйлар ўрнида реновация дастури асосида янги, замонавий лойиҳадаги кўп қаватли уйлардан ташкил топган мавзелар пайдо бўлмоқда. Марғилондаги Гулистон маҳалласининг 80-100 йил аввал қурилган, нураб тушаётган уйлари ўрнида 7 та ҳавас қилгулик бинолар қад ростлади. Ҳанифахон ая Жалилова кечаги кунни шундай эслайди.
– 2 сотихли эски уйимизда келинларим, набирам, барчамиз – 10 та жон яшардик. Шароитлари оғир эди.

Бугун аянинг қувончи чексиз. Энди, қариган чоғида эр-хотин барча қулайликларга эга алоҳида уйда яшаяпти. Ўғилларига эса аяга қўшни қилиб уй беришган.
– Янги уйга кўчиб чиқдик. Бизга 3 та 2 хонали уй берилди. Шароитлари яхши, – дейди Ҳанифахон ая қувончини яширолмай.

Булардан ташқари, инвестиция дастури асосида қиймати 866 миллиард сўм бўлган 107 та объект, жумладан, мактаб, боғча, олий таълим, ичимлик ва оқова сув иншоотлари қурилмоқда. Урбанизация, туризм, йўл бўйи мастер режаларини айтмайсизми? Хуллас, Фарғона Янги Ўзбекистонга мос қиёфага кирмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Y9KWojXUDDI" title="Farg‘onaning yangi dreyveri" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов