Фарғона вилоятида ерни хусусийлаштириш бошланди
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнлари бошланди.
Бу учун Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслар агентликнинг “Ерхусусийлаштириш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мурожаат қилиши мумкин. Одамларга доимий фойдаланиш, ижара ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш учун аризалар келиб тушиши бошланган.
Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри, “Ёғ бозори” маҳалла фуқаролар йиғини О.Маҳмудов кўчаси 27-уйда яшовчи фуқаро Рамз Муҳамадиевга энг биринчи давлат ордери расмийлаштирилди. Бу ордер ўзига мерос қилиб қолдириладиган, умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида унга тегишли бўлган 271 квадрат метр ер майдонига мулк ҳуқуқини беради.
Н. Бозорова, ЎзА