Фарғона туманидаги экин майдонларининг деярли ярми тоғ ён бағрларида жойлашган. Табиийки, бу ерда унинг иккинчи яримидаги ерларга нисбатан об-ҳаво 3-4 даражага фарқ қилади. Шунинг учун унга экилган пахта иккинчи қисмида экилган пахтага нисбатан камроқ хосил беради.
Масалан, Фарғона тумани бўйича ўтган йили 5200 гектар майдонга чигит экилган бўлса, жами 18800 тонна пахта ҳосили олинди. Бу ўртача 36,2 центнерни ташкил этади. Ҳар бир гектар пахта майдонидан деҳқон 10 миллион сўмдан ортиқроқ соф фойда кўрди. Агар бу ерларга табиий иқлимдан, шароитдан келиб чиққан холда малина экилганидачи?
Аслида Водил қишлоғида яшовчи аҳолининг ҳар бирини “малиначи” дейиш мумкин. Аммо улар фақат томорқаларигагина малина экар эдилар. Мана 3-4 йилдирки, Фарғона туманидаги тоғ олди қишлоқларининг барчасида дастлаб томорқаларига, кейинчалик бўш турган, ўзлаштирилмаган, ўтган йилдан эса кам даромад берувчи эски боғлар ўрнида катта-катта малина плантациялари ташкил этила бошланди. Икки йилдирки Фарғона туманида “Ал-Водилий” малиначилик кластери фаолият юритяпти. Шундай қилиб малина экини томорқадан қишлоқ хўжалиги экини сифатида гектар-гектарли катта майдонларга кўчди.
–1 гектар еримиздан 100 центнер яъни 10 тонна малина териб олинади. Ўртача ҳар килограмми 30 мингдан сотилса 300 миллион сўм даромад кўрилади, - дейди Фарғона тумани фермерлар ва томорқа ер эгалари уюшмаси раиси Холдорали Ашуралиев.
Бугун аввалги йиллар бунёд этилган малиназорлар оралаб юрсангиз, кўчатларнинг баравж ўсаётганини, ҳар бир тупда 100 га яқин мева тугунчалари ҳосил бўганини кўрасиз. Шу ерда биз малиначилик кластери раҳбари Насибулло Расулов билан учрашиб қолдик ва уни суҳбатга тутдик.
–Ўтган йили учрашганимизда малинани серҳосил навлари ҳақида гапирган эдингиз. Хорижий навларни ўзлаштириш қандай кечди?
–Плантациямизда Польшадан келтирилган “полана”, “маравилла”, “ндрасадиро”, “мапема”, “полонес”, “пешейхиба” каби навлардаги малиналар ўстириляпти. Улар жаҳон бозорида харидоргир ҳисобланади, - дейди Насибулло Расулов. –Бу навли малиналар туманимиз шароитига жуда ҳам мосланди. Ҳозирги кунда уларнинг кўчатини кўпайтириш ва тарқатиш устида иш олиб боряпмиз.
Президент қарори билан Фарғона туманида ҳам малиназор ташкил этиш учун ёшларга 15-20 сотихдан ер майдони ажратиб берилган эди. Уларнинг бири – ёш малиначи Ахрор Султонов натижалардан мамнун. У 2023 йил кўрсаткичлари ҳақида шундай деди:
–15 сотихга малина экдим. Орасида картошка, саримсоқ, макка етиштирдим. 20 миллион сўмга яқин даромад олдим. Бу йил кўчатлар балоғатга етди. Еримдан 1,5 тонна малина олишни кутяпман. Бу 45 миллион сўм даромад дегани.
Дастлабки йиллари маҳаллий, жайдари кўчатлар экилган бўлса, энди малиначиликдаги дунёнинг илғор тажрибаси қўлланяпти. Яъни, серҳосил, кўп йиллик навлар яратиляпти ва кўпайтирилмоқда.
–Яқинда Беларусь малиназорлари билан танишиб қайтдик. Кўчатчилик билан шуғулланадиган фермерлар билан шартнома қилдик ва намуналарни олиб келдик. Ҳозирда уларни экиб парваришлаяпмиз. Мақсадимиз малинамизни жаҳон бозорига олиб чиқиб, Ўзбекистон малина брендини яратиш, - дейди Насибулло Расулов.
Мақсад ва ниятлар катта. Шуни айтиш керакки меҳнат ҳам шунга яраша бўлмоқда. Шу йилнинг ўзида Фарғона туманидаги ўзлашмаган адирликлар ва камҳосил боғлар ўрнида яна 400 гектар майдонда янгитдан малиназор ташкил этиляпти. Унга кўп йиллик кўчатлар экилмоқда.
– Ўтган йили 150 гектардан ортиқ майдонга малина экилган эди. Ҳозирги кунда 1390 гектарга етди, –дейди Холдорали Ашуралиев. – Яқинда 400 гектар ер ажратилди. Бундан 40 гектарига малина кўчатларини экиб бўлдик. Бу ерлар асосан ёшларга бериляпти. Булар орасида четга ишга кетмоқчи бўлганлар ва Россиядан қайтиб келганлар бор.
Ҳозир бу майдонларни сув билан таъминлаш мақсадида 2 та тик қудуқ кавланяпти. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра 160 метр чуқурликдан сув олиш мўлжалланган. Табиийки бундай катта майдонга иккита қудуқ суви етмайди. Қолаверса, янги кўчат экилган майдонлар асосан тошлиқ. Шунинг учун бу ерларда томчилатиб суғориш усули жорий этилади.
Фарғона тумани Ўзбекистоннинг улкан малиназор боғчасига айланадиган кунлар яқин қолди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/rucoFOmBk4M" title="Fargʻona tumani Oʻzbekistonning malinazor bogʻchasiga aylanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА