Фарғона тажрибаси оммалаштирилмоқда
Фарғонада оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш бўйича ягона ёндашувнинг намунавий тажрибасини шакллантиришга қаратилган ёшлар форуми бошланди.
Унда ҳуқуқ тартибот ва мудофаа органлари масъуллари, Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳамда мутахассислари, “маҳалла еттилиги” вакиллари, экспертлар иштирок этмоқда.
Фарғона давлат университетида мазкур форумнинг асосий тадбири бўлиб ўтди.
Ялпи йиғилишда Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова, мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Ҳамдам Қаршиев, ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашрапов, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Раҳимов ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш тизимининг натижадорлиги хусусида сўз юритди.
Давлатимизнинг кучли ижтимоий сиёсатида ёшлар энг устувор йўналиш сифатида белгиланган бўлиб, уларга сифатли таълим ва касб бериш, интилишларини қўллаб-қувватлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир маҳаллада “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилмоқда, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Маданият карвони” тадбирлари ва турли фестиваллар ўтказилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинди. Дастурда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган.
Дарҳақиқат, ёшлар янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари сифатида ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Президентимизнинг ташаббуси билан ёшлар билан ишлашда мутлақо янги тизим яратилиб, ёшлар сиёсати маҳалла даражасигача туширилди. Хусусан, бугунги кунда ҳар бир ёш дарди, ташвиши, қийнаб келаётган муаммоларини эшитиб, уларнинг фикрларини ҳисобга олиб талаб ва таклифлари асосида қарорлар қабул қилиняпти. Уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, сифатли таълим олиши учун шароитлар яратиш кабилар бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-16675]
“Ёшлар баланси” асосида барча давлат идоралари, корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарларига ёшларни бириктириб, уларга ҳар томонлама кўмаклашиб боришга ҳуқуқий асос яратиб берилди.
Биргина 2023 йил давомида илк бор “Ёшлар баланси” асосида ёшлар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилиб, ҳар бир ёш билан индивидуал ишлаш амалиёти жорий этилди.
Фарғона вилоятида “қизил” тоифадаги ёшлар 63 нафар вилоят даражасидаги раҳбарга, 530 нафар туман (шаҳар) ҳокими, сектор ва ташкилот раҳбарларига бириктирилди. Амалий чоралар натижасида уларнинг 21 минг 431 нафари “яшил” тоифага ўтказилди. Хусусан, 4 минг 11 нафарининг бандлиги таъминланди, 1 минг 131 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 16 минг 289 нафарига турли ижтимоий-иқтисодий кўмак кўрсатилди.
–Анъанага мувофиқ, жорий йил бошида ҳам маҳалла ёшлар етакчилари ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида ёшларнинг муаммолари ва қизиқишларини аниқлаш мақсадида “хонадонбай” хатловлар ўтказилди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳаммадамин Ғаниев. – Бу йилги хатловнинг ўзига хос тарафи шунда бўлдики, ёшларнинг нафақат бандлик ва ижтимоий ҳолати, балки уларнинг иқтидори ҳамда хоҳиш-истагидан келиб чиқиб, ҳар бир ёшнинг қизиқиши ўрганиб чиқилди. Маҳаллаларда қандай лойиҳа ва тадбирларни ташкил этиш таклифини бевосита ёшларнинг ўзи белгилаб берди. Хатлов давомида 916 минг нафар ёшнинг (шундан, 445 минг 674 нафар қизлар) маълумотлари шакллантирилди ва “Ёшлар баланси” платформаси орқали тўлиқ электронлаштирилди.
Президентимиз раислигида 2024 йил 12 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб, ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларига 4 миллион ёшни бириктириб, уларни оталиққа олиш ҳамда ёшлар билан манзилли ишлаш тизимини ташкил этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Мазкур ёшларга ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларининг ҳудудлардаги 18 минг 105 нафар масъули бириктириб чиқилди. Улар томонидан 2,9 миллион нафар ёш билан “хонадонбай”, онлайн суҳбатлар ўтказилиб, аниқланган 179 минг 813 та муаммони ҳал этиш бўйича “Йўл харита”лари тасдиқланди. 22 минг 109 нафарининг ижтимоий ва маиший муаммолари “маҳалла еттилиги” ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ҳал этилди. Бириктирилган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ҳудудларда ташкил этилган тадбирлар орқали 2 миллион нафар ёш жалб этилди. Маҳаллаларда 4 минг 279 та кичик кутубхона, китоб ва маънавият бурчаги ташкил этилди.
Биргина Фарғона вилояти бўйича 325 минг нафар ёш ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари ҳамда уларнинг қуйи бўлинмалари ходимларига тақсимланди. Уларнинг шахсан оталиққа олиниши ва кафил бўлиши орқали уларда ватанпарварлик, жамият ҳаётига дахлдорлик ва қонунга ҳурмат каби эзгу туйғулар шакллантирилишига эришилади. Айни кунларда вилоятда бу борада кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Форумда ҳуқуқ -тартибот ва мудофаа органлари масъуллари томонидан оталиққа олинган ёшлар билан “Фарғона вилояти тажрибаси” асосида ишларнинг ташкил этилиши бўйича тақдимотлар ўтказилди. Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлик масалаларидаги вазифалар муҳокама марказида бўлди.
Ялпи йиғилиш шуъбаларга бўлинган ҳолда давом этди.
”Фарғона ёшлар форуми” иштирокчилари Фарғона шаҳридаги “Ёшлар сайилгоҳи” фаолияти билан танишди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА мухбирлари