Фарғона ўриклари жаҳон бозорида
Фарғона вилоятида деҳқончилик ва боғдорчиликда ўзига хос мактаб яратилган. Вилоят миришкорлари етиштирган сархил мева ва сабзавот маҳсулотлари бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинаётгани, жаҳон бозорида ўзига яраша ўрни борлиги ҳам фикримизга далил бўла олади. Айниқса, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларнинг қўлланилиши, ердан унумли фойдаланиш, ҳосилдорлик ва сифатни юксалтириш мақсадида инновацион ечимларнинг татбиқ этилиши борасида бирмунча ютуқларга эришилмоқда.
Қува тумани “Турк” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида йиллар давомида фойдаланилмай ётган ташландиқ ерларда вақт ўтиб ҳосилдор боғ яратилади, деса кўпчилик ишонмагани рост. Лекин бугун бу қир-адирликларда пайдо бўлган бепоён боғни, шарбатга тўлиб ғарқ пишган ўрик ҳосилини кўриб, инсон қўлининг яратувчанлигига, машаққатлардан қўрқмай, эзгу мақсад сари интилиш, астойдил меҳнат қилиш ўз мевасини беришига гувоҳ бўлиш мумкин.
“Ашуров Мўминжон” мева-сабзавотчилик кластери томонидан бундан уч йил олдин бу тошлоқ ерлар ўзлаштирилиб, 80 гектар майдонга хориждан келтирилган ўрик кўчатлари қадалган эди. Интенсив усулда парваришланган боғ икки йилда ҳосилга кирди. Ҳозир ўрик ҳосили териб олиниб, Марказий Осиё давлатлари, Россияга экспорт қилинмоқда. Миришкор боғбонлар жорий йилда 100 тоннадан ортиқ мева экспорт қилишни мақсад қилган. Кейинги йилларда эса ҳосилдорлик янада кўпаяди.
Эътиборлиси, мевазор боғда Туркия технологияси асосида юз фоиз томчилатиб суғориш жорий этилган. Мамлакатимиз бўйлаб урфга кираётган бу суғориш усули бирмунча афзалликларга эгалиги эса кундай равшан.
– Томчилатиб суғориш усули сувни анъанавий усулга қараганда камида беш-олти маротаба тежаш ҳамда суғориш билан боғлиқ бошқа харажатларни сезиларли даражада қисқартириш имконини беряпти. Ўз навбатида бундай замонавий ёндашув натижасида кўчатлар бир текис ривожланиб, ҳосилдорлик салмоғи юқори бўлиши таъминланяпти, – дейди мева-сабзавотчилик кластери раҳбари Каримжон Ашуров. – Яйдоқ дашт ва қирликларга оқар сув олиб келиш жуда катта муаммо. Шунинг учун қудуқ қазиб, насос ёрдамида ер ости сувини махсус ҳовузларга қуйишни йўлга қўйдик. Анъанавий усулда шунча ерни суғориш учун камида 10 кун бир неча нафар сувчилар туну кун меҳнат қилиши керак бўларди. Замонавий технологиялар ёрдамида эса 80 гектар боғни бир кунда суғориш мумкин.
Мева-сабзавотчилик кластери қошида 8 гектар ерда кўчатчилик тармоғи ҳам йўлга қўйилган. Бу йил баҳорда юртимизнинг турли вилоятларига 2 миллиард сўмлик сара навли ўрик кўчатлари етказиб берилди. Бундан ташқари, 1 гектар ерда транспорт-логистика маркази бунёд этиляпти. Бу ерда маҳсулотларни қадоқлаш учун яшик ва қутилар ишлаб чиқариш цехи, транспортга юклаш жойи, 2 минг тонна сиғимга эга музлатгичли омборхона ташкил этилади.
Бугунги кунда 70 та доимий ва 200 дан зиёд мавсумий иш ўрни яратилган мева-сабзавотчилик кластери мутасаддилари илм-фан ютуқлари ва инновацион ғоялар асосида яна 30 гектар мевазор боғ барпо этишни режа қилишган. Бу эса қўшимча 50 га яқин янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Бундан ташқари, бу ерда гилос боғи, чорвачилик ва балиқчилик тармоғи ташкил этишга киришилган. Яқин истиқболда кўп тармоқли хўжалик тасарруфида мева маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, ўрик қоқи тайёрлаш цехини ишга тушириш кўзда тутилган.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири