Фарғонада “Тадбиркорлар уйи” иш бошлади
Айни кунларда Фарғона вилоятида “Фарғона тадбиркори – Фарғонада ислоҳотчи” тажрибаси амалга оширилаётган бўлиб, бу борада муайян натижаларга эришилмоқда.
Мамлакатимизда фаровонлик ва тараққиётга эришиш йўлида тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлашга муҳим эътибор қаратилгани бежиз эмас. Зеро, фақат шу йўл орқалигина аҳоли фаровонлиги ошиб, иқтисодиёт янада мустаҳкамланади. Айни кунларда Фарғона вилоятида “Фарғона тадбиркори – Фарғонада ислоҳотчи” тажрибаси амалга оширилаётган бўлиб, бу борада муайян натижаларга эришилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини узлуксизлигини таъминлаш ва экспортчи корхоналарни қўллаб-қуввватлаш учун 1 триллион сўм айланма маблағ учун кредитлар ажратиляпти. Хусусан, ҳозирга қадар 101 та тадбиркорга халқаро молия институтларининг 210 миллиард сўмлик кредитлари берилди. Жорий йилда 8 мингга яқин янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги томонидан хайрли ташаббусга қўл урилиб, Фарғона шаҳрида “Тадбиркорлар уйи” ўз фаолиятини бошлади. Уни ташкил этишдан асосий мақсад ҳар бир тадбиркор мурожаатини белгиланган меъёрлар асосида тезкорлик билан ижобий ҳал этиш, тадбиркорга кўмакчи ва суянч бўлишдан иборат.
Бу ерда тадбиркорнинг барча масалалари ўз ечимини топиши учун тижорат банклари, давлат хизматлари маркази, қурилиш, архитектура ва бошқа барча масъул идораларнинг ходимлари жойлашган. “Тадбиркорлик уйи” фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш бориш мақсадида унинг телеграм канали, ижтимоий тармоқларда махсус саҳифаси очилди, тадбиркорлар учун онлайн мурожаат қилиш имконияти ҳам яратилди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров “Тадбиркорлар уйи”да яратилган шароитлар билан танишди ҳамда шу ерда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
– 2020-2021 йилларда вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш энг асосий вазифага айлантирилади, – дейди вилоят раҳбари. –Тадбиркорлар сонини кўпайтириш, ёрдам бериш, керак бўлса, оёққа тургунча ёрдамчи бўлишимиз керак. Фарғонада тадбиркорлик бўйича янги тизим яратилади. Бундан буён барча сектор раҳбарлари, масъул идоралар “ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” мезони асосида иш фаолиятимизни ташкил этамиз. Ҳар бир идоранинг кун тартибидаги устувор вазифаси – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлади.

Шаҳар ва туманлардаги тадбиркорлар билан видеоселектор тарзида ташкил этилган учрашувда уларни қийнаётган муаммолар, билдирилган мурожаатларга эътибор қаратилди.
Хайрулло Бозоров тадбиркорлар фаолиятига кимдир тўсқинлик қилса ёхуд қайсидир жабҳада кўмак зарур бўлса тўғридан-тўғри ўзига мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирди.