Фарғонада нарх-наво ўзгармаган
Қўқон шаҳридаги деҳқон бозоридаги нархларда деярли ўзгариш бўлгани йўқ. 1 кг. картошка 2500-3200 сўм, 1 кг. пиёз 1000-1500 сўм, сабзи 600-1500 сўмдан сотилмоқда.
Хабарингиз бор, республикамизда коронавирус пандемияси эълон қилинган даврида осойишталикни таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархларини қатъий назоратга олди. Фарғона вилоятида ҳам давлат солиқ хизмати органлари томонидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда нархларнинг ўзгариши устидан назорат қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳлари ташкил этилди.
Бугун мазкур ишчи гуруҳ аъзолари томонидан вилоятнинг барча деҳқон бозорлари ва супермаркетларда ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказувчи субъектларда бевосита мониторинг ўтказилди. Бу ҳақда вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Айни пайтда Фарғона шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида аҳоли кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган картошканинг 1 килограмми 2,5 минг сўмдан 4 сўмгача, 1 кг. пиёз 2 минг сўмдан, 1 кг. гуруч (лазер турли навлари) 10 минг сўмдан 13 минг сўмгача, 4,2 кг.ли пахта ёғи эса 41 минг сўмдан сотиляпти.
– Мен бу бозордан ҳафтада камида бир марта оиламизнинг кундалик эҳтиёжлари учун турли озиқ-овқат маҳсулотларини харид қиламан, – дейди Фарғона шаҳрида яшовчи Рустам Болтабоев. – Мен ҳозир бир нарсага ҳайрон қоляпман, кеча айрим одамларимиз озиқ-овқат нархлари кескин кўтарилиб кетди, 1 кг. картошка 7 минг сўмдан, 4,2 килограммли пахта ёғи 70-80 минг сўмдан сотиляпти деган асоссиз хабарлар тарқатишди, барчада хавотир уйғотишмоқда. Мана амалда кўриб турибмиз, нарх-наволар ўзгаргани йўқ, ўтган ҳафта неча пулдан олган бўлсак, бугун ҳам бозорда ўша нархлар. Юртимизда осойишталик, дастурхонимиз тўкин бўлиб турганда, асоссиз хабарлар билан ғулғула солиш ярамайди, назаримда.
Солиқ идораларининг ишонч телефонларига бозорларда ун, картошка, пахта ёғи нархлари кескин ошиб кетяпти деган мурожаатлар ҳам келиб тушаётганлиги боис, Марғилон шаҳридаги деҳқон бозоридаги нарх-наво ҳамда солиқ идоралари томонидан олиб борилаётган мониторинг ишлари билан қизиқдик.
Маълум бўлишича, бу ерда ҳам 1 кг. картошка 2,5 минг сўмдан 4 минг сўмгача, 1 кг. пиёз 1,5 минг сўм, 1 кг. сариқ сабзи 500-1000 сўмдан, 1 кг. мол гўшти эса 42 мингдан 52 минг сўмгача, тухум (дона) 500-700 сўмдан, оддий гуруч 5 минг 7 минг сўмгача, девзира эса 7 мингдан 15 минг сўмгача сотилмоқда.
– Бозоримизда нарх-наво кўтарилгани йўқ, мана мен ҳам хўжалигимизга зарур бўлган картошка ва бош бошқа маҳсулотлари доимги нархлардан сотиб олдим, – дейди марғилонлик Муборакхон Абдуллаева. –Кўриб турганингиздек, бозоримиз тинч, доимгидек харидорлар билан тўла, ҳеч ким ортиқча хавотирга тушгани йўқ.
Фарғона ва Марғилон шаҳарларидаги бозор ва супермаркетларни кундалик эҳтиёжлар учун зарур бўлган деярли барча озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайдиган халқ тилида “ТРЗ бозор” номи билан машҳур бўлган “Марғилон умумий улгуржи савдо комплекси” МЧЖда ҳам нарх-наволар ўша-ўша, 4,2 кг.ли пахта ёғи 39 минг сўмдан сотилмоқда, 1 кг ун эса навига қараб 2600 сўмдан 4 минг сўмгача сотилмоқда.
Қўқон шаҳридаги деҳқон бозоридаги нархларда деярли ўзгариш бўлгани йўқ. 1 кг. картошка 2500-3200 сўм, 1 кг. пиёз 1000-1500 сўм, сабзи 600-1500 сўмдан сотилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, айрим ҳудудларда фуқаролар ўртасида ваҳима қилинаётганлиги боис озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол меъёридан ортиқча даражада харид қилинаётганлиги ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бундай ваҳимага ўрин йўқ, чунки, биринчидан бозорлар доимий тартибда ишлашда давом этади, озиқ-овқат захирамиз етарли.
Вилоятнинг барча бозор ва супермаркетларида нарх-наволар давлат солиқ идоралари томонидан назоратга олинган, ҳар бир ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотларини оширилган нархларда сотилишининг олдини олишга қаратилган тезкор профилактик чораларни кўрилиши давом эттирилади.