Фарғонада ўн беш кунда 1016 та оилада 30 кишилик тўй ўтказилди
Бизнингча, пандемия шароити баҳонасида ана шундай ортиқча харажатлар ва оворагарчиликлардан воз кечиш фурсати етди.
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб «яшил» ҳудудларда фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисида ташкил қилиш шарти билан оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилди. Бунда маросимлар 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказилиши мажбурий этиб белгиланди.
Ўтган 5 ой давомида вилоятда 7300 дан ортиқ жуфт ёш расмий никоҳдан ўтиш учун ариза берган. Буларнинг 5779 тасига никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар тантанали топширилган. Эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилнинг 1 июнидан 12 июнига қадар фарғоналик 1016 жуфт ёш «30 кишилик тўй» ўтказиш учун рози бўлиб ФҲДЁ бўлимларига мурожаат қилишган.
Карантин сабаб ўтган йилга нисбатан никоҳланувчилар сони пасайди. Бу бор гап. Лекин махсус комиссиянинг ихчам тўйлар ўтказиш юзасидан берган топшириғи ортидан Олтиариқ туманида 93 та, Тошлоқ туманида 57 та, Қўқон, Фарғона ва Марғилон шаҳарларида эса жами 313 та никоҳ ФҲДЁ бўлимлари томонидан қайд этилди.
Аслида камхарж ва ихчам тўйлар мамлакатимизда одатга айланиши зарур. Чунки минглаб фуқароларимиз, оила боқувчилари чеки йўқ орзу ҳаваслар ортидан чет элларга ишлаш учун кетиши ҳам рост. Бир кунлик тўй учун йиллар давомида йиғинамиз. Бизнингча, пандемия шароити баҳонасида ана шундай ортиқча харажатлар ва оворагарчиликлардан воз кечиш фурсати етди.
Айни кунларда кенг жамоатчилик вакиллари ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда тўйлар ҳақида асосли фикрларни ўртага ташламоқда. Кўриниб турибдики, тўйлар ҳақидаги ўйларимизга бугун ечим топилгандек. Демак, ихчам, камхарж тўй қилиш билан биз елкамизда ортиқча юк бўлиб келаётган бемаъни сарф-харажатлардан қутилишимиз мумкин.
Яқинда бу борада кўпчиликнинг фикрини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтида «Тўй нечта кишилик бўлишини хоҳлайсиз?» мазмунида сўровнома ўтказилди. Натижалар кутилганидек бўлди. Сўровномада бир кун мобайнида 3 мингга яқин киши қатнашган бўлса, уларнинг ярмидан кўпи 30 кишилик тўйни ёқлаб овоз берди. 592 киши эса 100 кишилик тўй тарафдори экани маълум бўлди. Анча паст кўрсаткич – яъни 142 киши 200 кишилик тўйни ёқлаган.
Раъно БОЙҚЎЗИЕВА,
ДХА Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи.