Фарғонада карантин қоидаларини бузган аёл жазоланди
Фарғонада карантин қоидасини бузиб, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат бурчларини бажаришига қаршилик кўрсатган аёл маъмурий қамоққа олинди.
Фарғонада карантин қоидасини бузиб, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат бурчларини бажаришига қаршилик кўрсатган аёл маъмурий қамоққа олинди.
Бу ҳақда Фарғона шаҳар маъмурий суди раиси Солижон Қурбонов ЎзА мухбирига маълум қилди.
Бугунги кунда карантин қоидаларига амал қилиш барча фуқароларнинг бурчидир. Бу билан нафақат ўз соғлигини асрайди, балки инфекцияни жиловлашга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Афсуски, баъзи бир шахслар карантин қоидаларини менсимасдан, уларга амал қилмай вазиятга нотўғри баҳо бермоқда. Ички ишлар органлари ходимлари талабларига бўйсунмаслик ҳақида уйдирмалар тарқатаётганини қандай тушуниш мумкин?
М. Ҳайдарова 2020 йил 29 март куни соат 14:00ларда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойида ниқобсиз юрган. Бу ҳам етмаганидек, у жамоат жойи бўлган Фарғона шаҳар марказий деҳқон бозорида бақир-чақир қилиб, тўпланган оммани ўзига жалб қилиб, ўз вазифаларини бажариб, картошка сотилаётган жойда тўпланган фуқароларни тегишли тартибда тушунтириш бериб тарқатаётган ИИБ ходимларини ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатган. Оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришга ҳаракат қилган.
Ҳуқуқбузарга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, М.Ҳайдарова Маъмурий жавобгарлик тўғрисида Кодекснинг 54 ва 195-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Фарғона шаҳрида яшовчи А.Раҳимов, Т.Тиллабоева ва О.Мадазимовалар ҳам карантин қоидаларини менсимади. Улар тунда жамоат жойида ниқобсиз, маст ҳолда ҳуқуқбузарлик содир этди. Жорий йил 29 март куни тунги соат 22:15лар чамасида Фарғона шаҳар Ш.Рашидов кўчаси 25-уй олдида ўтиран вақтларида бақир-чақир қилиб, ИИБ ходимининг қонуний талабини бажармасдан уни уятли сўзлар билан сўкиб, фуқароларнинг осойишталигини бузган. Воқеа жойидан қочиб яширинмоқчи бўлган вақтда ИИБ ходимлари томонидан ушланган.
Бундан ташқари, суд мажлисида мазкур ҳуқуқбузарлик келиб чиқишга асосий сабабчи бўлганлардан бири Т.Тиллабоева муқаддам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 190-моддаси (фоҳишалик билан шуғулланиш) билан маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан яна ҳуқуқбузарлик содир этганлиги аниқланди.
Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан А. Раҳимовга 12, Т. Тиллабоевага 10 ва А. Мадазимовага 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.