Президент ташаббуслари – амалда
Ўртаҳол оилада уч ўғил, бир қиз улғайди. Ота-она болаларини тенг кўрди. Бирига нимани раво кўрса бошқаларига ҳам ўшани олиб берди. Меҳрини баравар улашди. Бугун тўрт боланинг ўз рўзғори бор, тўрталасининг яшаш тарзи турлича.
Кенжа фарзанд олий даргоҳларнинг остонасини хатламади, қиз болага ўқиш нима керак дейишди. Лекин у ҳунар ўрганди, қишлоқнинг энг яхши тикувчиси бўлди. Кейинчалик катта бир корхонага асос солди. Ҳудудда ном чиқарди. Бири чет тили, бири иқтисод ва яна бошқаси текстиль йўналишида ўқиган акаларини ёнига олди. Ўзи яшаётган маҳалладаги юзлаб ишсиз хотин-қизларни банд қилди. Доимий даромадга эга қилиб, кўпчилигини камбағалликдан олиб чиқди.
Оилавий тадбиркорлик субъекти сабаб жигарларнинг хонадонларига ҳам барака кирди. Уй-жойли, машинали бўлди. Лекин тўнғичнинг рўзғорида иш юришмаётгандек. Ҳамиша нимадир кам. Аслида, сўзимиз бошида таъкидлаганимиздек, бу болалар ўртасида ота-она эътибори тенг тақсимланмаган эди.
Катта фарзанд укаларига нисбатан эркароқ, истаклари ерда қолмай улғайди. Ҳаётнинг ташвишлари елкасига тушганида эса яна атрофдан кўмак кутди. Унинг яшаши ёмон эмас, лекин атрофдагиларга ўзини кўп солиштиради. Масалан, Дамасини қувиб ўтган электромобилнинг ортидан жаҳл қилиб қолади. Камбағаллик қурсин, бу аравадан қачон қутиламан, деб руль чамбарагини уриб қўяди.
Бу бир ҳаётий манзара, лекин кимлардир мана шундай ҳолатни камбағаллик деб атайди. Ким учундир эса болаларига гўштли-гўштли овқат қилиб бера олмаслик, яна бошқа бировга бир бурда нон топишга қийналиш камбағаллик саналади. Шундан ҳам бу тушунчага ягона таъриф бериш мураккаб.
Қайси бир мамлакат ривожланиш йўлидан борар экан, юртда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларини кўради. Бу босқичидан ўтиш, бундай қатлам мавжудлигини тан олиш ҳаммасидан муҳим саналади.
Тўрт йил аввал Ўзбекистон ҳам аҳолининг муайян қисми камбағал эканини қайд этиб, уларга кўмаклашишга киришилди. Бу шунчаки гап бўлмади. Натижада камбағалликни қисқартириш бўйича амалий ҳаракат, молиявий ечим, ташкилий чоралар уйғунлаштирилди. Бугун тизим самарали ишламоқда. Натижада ўтган қисқа даврда кўп йиллар оғир вазиятда бўлган уч миллион нафардан зиёд одамларнинг имкониятлари яхшиланди. Камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга тушгани катта натижа бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 11 сентябрда “Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Мазкур ҳужжат мамлакатда камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя соҳасида қонунчилик ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
– Президентнинг ушбу фармони юртимизда камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим прокурори Асатилла Фатхуллаев. – Бу ўринда фармон билан мазкур соҳада қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилганини таъкидлаш жоиз. Бош прокуратуранинг ташкилий-штат тузилмасида эса еттита штат бирлигидан иборат Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида қонунчилик устидан назорат бошқармаси ташкил этилади. Бу чора-тадбирлар эса аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилишга оид қонунчилик ижроси устидан самарали назоратни ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида жами 28 та штат бирлигидан иборат Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида қонунчилик устидан назорат бўлинмалари ташкил этилмоқда.
Янги киритилаётган Бош прокурор ўринбосари зиммасига қатор вазифалар юклатилади. Хусусан, ҳар ҳафтада камида битта туман(шаҳар)га бориб, камбағал оилаларни реестрга киритиш ва чиқаришнинг ҳаққонийлигини ўрганади. Камбағал оилаларга берилаётган маблағлар эгасига манзилли етиб боришини назорат қилади. Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаган масъулларга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлайди.
Дарҳақиқат, мамлакатда камбағалликни қисқартириш бўйича кўрилган чоралар ишламоқда. Улар самарали бўлиши учун тегишли ҳужжатлар ва Президент топшириқлари ижроси ўз вақтида амалга оширилиши муҳим. Шундагина мўлжал – келгуси уч йилда камбағаллик даражасини ҳозирги 11 фоиздан 7 фоизга қисқартиришга эришилади.
Бу бўйича ҳудудларга мос – Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари амалиётда ечим сифатида қўлланилмоқда. Натижа бесамар эмас, жорий йилнинг ўтган даврида тўрт-беш мингдан ортиқ маҳалла саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашди. Қанчадан-қанча аҳоли расмий банд бўлди.
– Камбағалликни қисқартириш масаласи Президентимизнинг доимий эътиборида, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Сирожиддин Абдуллаев. – Хусусан, 11 сентябрь куни ҳам камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказдилар. Йиғилишда бу йўналишни умуммиллий ҳаракатга айлантириш бўйича топшириқлар берилди. Камбағалликни қисқартиришда оилалар билан ишлаш, уларни рўйхатга олиб манзилли шуғулланиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Хабарингиз бор, 2021 йил ҳоким ёрдамчилари институти жорий этилган эди. Улар маҳаллаларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиб камбағалликдан чиқариш бўйича ишлади. Бу дастлабки босқич эди. Эндиги босқичда эса манзилли ишлаш бўйича топшириқлар олинди.
Бир қарашда камбағал инсонга моддий кўмак берилса, барча муаммолар осонгина ҳал бўладигандай туюлади. Аслида-чи?!
Халқимизда “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди”, деган гап бор. Ота-боболаримиз бу билан одамларни меҳнат қилишга, ҳамиша изланишда бўлишга чорлаган. Мамлакатимизда бу борадаги ислоҳотлар эса миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳим. Шунингдек, бошланган ҳар бир муҳим лойиҳа изчил амалга оширилиши керак.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА