Қурбон ҳайити байрами арафасида Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасида ходимларни тантанали равишда рағбатлантириш тадбири бўлиб ўтди. Унда Қуйи-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Атақулов, Мирзаобод тумани ҳокими Абдуазим Умаров, соҳанинг тажрибали мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, рағбатлантириш чора-тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Унга мувофиқ, сув хўжалиги соҳаси қуйи бўғин ташкилотларининг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, ходимлар меҳнатига муносиб шарт-шароит яратиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Муассаса директори Собитжон Неъматов таъкидлашича, тадбир доирасида энг фаол 20 нафар гидрометр ва участка раҳбарларига электр скутерлар ҳамда “электр муравай” планшетлари топширилди. Яқин кунларда яна 25 та электр скутер ходимларга тақдим этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Қурбон ҳайити муносабати билан муассасанинг ёрдамчи хўжаликларида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва мукофот пуллари барча ходимларга тақдим этилди.

Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, бундай рағбатлантириш чора-тадбирлари ишчи-ходимлар меҳнатини муносиб баҳолаш, уларнинг фидокорона фаолиятини янада самарали ташкил этиш, соҳада масъулият ва иштиёқни кучайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, тадбирда сўзга чиққанлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, таъминот жараёнларида шаффофликни таъминлаш ҳамда сув ҳисобини юритишда замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири