Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида "Аёлга эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос олий қадрият" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ҳамда ижод мактаби ҳамкорлигида Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, "Мўътабар аёл" кўкрак нишони совриндори Насибахон Тўйчиева, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи иштирокида ташкил этилган тадбирда ижод мактабининг ўқитувчилари, ўқувчи қизлари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиром, жамият ривожида аёлларнинг ўрни ва роли, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, фидойи, юксак салоҳиятли, изланувчан, ўз касб-корининг устаси бўлган опа-сингилларимиз сафини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқий, ижтимоий, маданий манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, гендер тенглигини таъминлаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
[gallery-10984]
Шунингдек, давра суҳбатида мамлакатимизда ёшлар, хусусан, қизларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли намойиш этиши учун яратиб берилган кенг имкониятлар, улардан оқилона фойдаланиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
– Президентимиз ташаббуси билан бугун юртимиз ёшлари, қизларимиз учун кенг имкониятлар эшиги очилган, – дейди Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Насибахон Тўйчиева. – Ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, илм-фан, санъат, спорт, тадбиркорлик, қўйингки, турли соҳаларда юксак натижаларга эришаётган қизларимиз сафи йилдан-йилга ортмоқда.
Биз фаоллар, зиёлилар фаолиятимизда жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган фаол, ташаббускор ва фидойи қизларни тарбиялаш борасидаги ишлар кўлами ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Тадбирда иштирокчилар томонидан қизлар билан ишлаш, уларнинг фаоллигини, етакчилик салоҳиятини ошириш, ҳаёт мактабига тайёрлаш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Иштирокчиларнинг фаоллиги, қизғин савол-жавоблар тарзида ўтган тадбир меҳмонлари ўқувчи қизларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Якунда ўқувчи қизлар ўзларининг ижод намуналаридан ўқиб берди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзA