Фаол ва ташаббускор қизлар сафи янада ортади
Андижонда «Янги Ўзбекистоннинг фаол ва ташаббускор қизлари» шиори остида қизлар форуми бўлиб ўтди.
11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, халқ таълими ва касбий таълимни ривожлантириш бошқармалари ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган форумда вилоятдаги ўзининг билими, иш тажрибаси билан тенгдошларига намуна бўлаётган умумтаълим ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, корхона ва ташкилотларнинг ёш мутахассислари бўлган фаол ва фидойи, шунингдек, жорий йилда олий ўқув юртларига тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинган, махсус мактаб-интернатларда таҳсил олган, ички ишлар органлари профилактика ҳисобида турувчи қизлар, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.
– Форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад қизларимизни вилоятда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан таништириш, хусусан, уларда жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини кучайтириш, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Мавлудахон Низомова.
– Шу орқали уларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш, қалбларида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Форум иштирокчилари дастлаб Хотира майдонида бўлиб, Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган аждодларимиз хотирасини ёд этди, “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди. Шундан сўнг Андижон шаҳридаги Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона маркази, Ишга марҳамат мономаркази, Муҳаммад Юсуф ижод мактаби, “Dinar Textil GROUP” масъулияти чекланган жамиятига саёҳат уюштирилди.
[gallery-4232]
Саёҳатлар давомида иштирокчилар китоблар кўргазмаси билан танишди, мушоира кечасида иштирок этди. Ижодкор қизлар томонидан шеърлар ўқилди. Тадбир иштирокчиси, Андижон шаҳридаги 45- умумтаълим мактаби ўқувчиси Омина Содиқжонова томонидан ўқилган шеър барчада катта таассурот қолдирди.
Вилоят ички ишлар бошкармаси бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, подполковник Гулнорахон Абдувоҳидова, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Гулхаё Раджиева, Ёшлар парламенти аьзоси Мадинабону Абдуллаеванинг форум иштирокчилари билан турли мавзулардаги суҳбат ва мулоқотларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
Андижон туманида спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ташкил этилди. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш мақсадида Андижон давлат университети талаба қизлари ва форум қатнашчилари иштирокида ўтказилган велемарафон ва юриш марафони қизиқарли баҳсларга бой бўлди.
Шундан сўнг форум тадбирлари Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида давом этди.
Институт фойисида фан олимпиадалари, турли танловлар ғолибалари, ёш олималар, ҳунарманд қизлар томонидан кўргазмалар, дуторчи ва скрипкачи қизларнинг чиқишлари ташкил этилди. Шунингдек, иқтидорли талабаларнинг инновацион ғоя ва лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
– Хонадонлар, хусусан, кўп қаватли уйларнинг квартираларида мавсумга боғлиқ бўлмаган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган ускуна – “Гидропоника” лойиҳаси тақдимотини ўтказдим, – дейди Андижон қишлоқ хўжалиги институти талабаси Гулзода Абдуллаева. – Мазкур ускуна уй шароитидан, мавжуд жойнинг хажмидан келиб чиқиб, исталган хажмда тайёрлаб берилиши мумкин. Энг асосийси, кам меҳнат ва харажат сарфлаб, уй шароитида рўзғор учун зарур маҳсулотлар етиштириш имконини беради.
Вилоят бандлик бошқармаси қошидаги “Ишга марҳамат” мономаркази ўқувчи қизлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари томонидан намойиш этилган миллий ва замонавий либослар кўргазмаси барчада катта таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида бир гуруҳ фаол ва ташаббускор, шунингдек, олий ўқув юртларига тавсиянома асосида ўқишга кирган ҳамда ички ишлар органлари профилактика ҳисобида турувчи, лекин ижобий томонга ўзгарган қизлар, форум доирасидаги танлов, спорт мусобақалари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таниқли хонандалар, санъат усталари томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага хуш кайфият улашди. Қизлар форумида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА