Фаол ва иқтидорли талабалар тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган давлат университетида 2023 йилда энг яхши натижаларга эришган, фаол ва иқтидорли ёшларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда сўнгги йилларда ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараси алоҳида таъкидланди. Қувонарли жиҳати, университет талабалари ҳам фан олимпиадалари, турли танлов ва спорт мусобақаларда фаол иштирок этиб, муносиб ютуқларни қўлга киритмоқдалар.
[gallery-15450]
Айниқса, 2023-2024 ўқув йилида НамДУнинг 20 нафар талабаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ва бошқа давлат стипендиялари совриндорлари сафидан ўрин олди.
Тантанали тақдирлаш маросимида номдор стипендиялар совриндорларига сертификатлар топширилди. Шунингдек, «Йил талабаси-2023» республика кўрик-танловининг университет босқичи ғолиблари бўлган йигит-қизлар ҳам муносиб тақдирланди. Талабаларга диплом, сертификат ва пул мукофотлари топширилди.
Тадбирда янграган куй-қўшиқлар талабаларга янада юқори кайфият бағишлади. Талабалар бундай эътибор ва рағбат уларни янада кучлироқ билим олишга, янада юксак марраларни забт этишга ундашини мамнуният билан таъкидладилар.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА