“Фаол тадбиркор” йирик корхона очди
Давлатимиз раҳбарининг “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармойишига асосан мукофотланганлар орасида бухоролик ташаббускор тадбиркор, Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Нодир Ҳамдамов ҳам бор.
Тадбиркор давлатимиз раҳбарининг бундай юксак эътиборига нафақат вилоят озиқ-овқат саноати ривожига ҳисса қўшадиган, балки янги иш ўринлари орқали аҳоли хонадонларига ҳам даромад олиб кирадиган йирик корхонани очиш билан жавоб қайтарди.

–Ҳар бири 50 килограмга тенг бўлган, рангли қопларда қадоқлаб чиқарилаётган “Volidam”, “Nur”, “Parvona” брендига мансуб биринчи навли унимиз аллақачон ўз харидорларини топди, –дейди “Akbarjon Barakat” МЧЖ раҳбари Амирбек Бозоров. –Мазкур лойиҳага келсак, бир неча йил бурун Когон шаҳрининг Хўжа барги кўчаси ёқасида, бўш ётган ердан 5,9 гектарини ўз тасарруфимизга олиб, қурилишни бошлаганмиз. Бунинг учун бизни “Қишлоққурилишбанк” вилоят филиали 2 миллион АҚШ долларидан зиёд имтиёзли кредит маблағи билан қўллаб-қувватлаган. Бу сармояга буғдойни қабул қилиш тарозихонаси, қайта ишлаш цехи, омборхона қўшимча цехларни қуриб битириб, зарур ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозладик. Ишлаб чиқариш қувватини оширганимиз ҳисобидан ишчи сонини кўпайтириб, 70 нафарга етказдик. Улар кучи билан кунига 120 тонна сара буғдойни қабул қилиб, қайта ишлаяпмиз. Бу дегани, кунига 75-80 тонна атрофида биринчи ва иккинчи навли унни қадоқлаб сотувга чиқараётган бўлсак, иккиламчи маҳсулот сифатида кепак, яна буғдой қипиғидан маҳаллаий чорвадорлар, майда шохли мол боқадиган хўжаликлар учун озуқа бирлигини тайёрлаб етказиб бермоқдамиз.

Маҳсулотнинг харидоргирлиги – ишлаб чиқаришга йўналтирилаётган хомашёнинг саралиги ва таъминотида, албатта. “Akbarjon Barakat” МЧЖ вилоятдаги агрокластерларда етиштирилган маҳаллий буғдой ҳосилини биржа савдолари орқали харид қилиши баробарида қўшни Қозоғистон Республикасидан юқори сифатли буғдой олишни йўлга қўйган. Маҳсулот ҳажми оширилаётгани билан бирга ун комбинати юқори унумли замонавий технология таъминотида Туркия давлатининг “Gimach” компанияси билан ўзаро тенг манфаатли яқин ҳамкорлик ўрнатган. Туркиялик мутахассислар томонидан 7 миллион АҚШ долларига тенг бизнес лойиҳа амалиёти устида иш олиб борилиб, яримавтоматлаштирилган тизимда ишловчи тегирмон ва илғор дастгоҳлар ўрнатилди.

Комбинатда иккиламчи маҳсулот сифатида чорва озуқасига талаб ва эҳтиёж ошиб бораётганини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқариладиган буғдой қипиғи ва кепак ҳажмини кунига 125 тоннага етказиш кўзда тутилган. Бу озуқа нафақат қўй-эчкичилик хўжаликлари, балки балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик ва бошқа тармоқларда ҳам жуда асқатади.

Лойиҳанинг ишга туширилиши орқали вилоятнинг экспорт кўрсаткичлари учун қўшимча 3 миллион долларлик захира базаси яратилиб, 1,5 миллиард сўмлик бюджетга қўшимча тушумлар тушиши таъминланади.
Йиғилганлар корхонада ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, ишлаб чиқариш қувватлари билан танишди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири